Жорий йилнинг 21-24 ноябрь кунлари Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўрганишлар олиб борилган эди.

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ўтказилган йиғилишда ушбу ўрганишлар натижаси кўриб чиқилди.

Йиғилишда барча туман (шаҳар) студияларидан тегишли мутасаддилар иштирок этди.

Йиғилишда Президент фармони билан қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоийлаштириш, етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш вазифаларининг долзарблиги таъкидланди.

Қайд этилган йўналишлар бўйича ишларни янада такомиллаштириш, йил якунига қадар белгилаб берилган режа ва вазифалар тўлиқ ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси