Янгиланган Конституциямизда давлат зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланган.

Бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни рўйхатга олиш ва реабилитация марказларида даволаниши, спорт билан шуғулланиши, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

— Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 5 минг 721 нафар ногиронлиги бўлган шахслар янгидан рўйхатга олинди, — дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Рашид Рахимов. — Шу даврда 3 минг 9 нафари ҳисобдан чиқарилган бўлса, 5 минг 34 нафарига бирламчи ногиронлик гуруҳи белгиланди. Шунингдек, 12 минг 883 нафарига қайта ногиронлик гуруҳи белгиланди ва 405 нафари реабилитация марказидан даволаниб чиқишди.

Биз, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, уларга меҳнат қилишга тавсия берамиз. Шулар орасида ўз хоҳишига кўра, 2 минг 72 нафарининг бандлиги таъминланди. Тўрт мингдан ортиқроғи спортга лаёқатли бўлса, 10-35 ёшгача ногиронлардан 538 нафари спортга жалб қилинди ва 83 нафар мураббий бириктирилган.

Имконияти чекланган шахслар учун протез-ортопедия мосламаларига (ПОМ) ваучер шаклланган бўлиб, 3 минг 215 нафарига буюртма қилинди ва етказиб берилди.

Бошқармамиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига 47 турдаги 393 минг 877 та ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Бунинг натижасида 10 867 нафар фуқаронинг ижтимоийлашувига эришилди. Шунингдек, 7 415 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларга кейслар очилди, 7 497 та режалаштирилган индивидуал хизматлар кўрсатилди.

Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ҳам алоҳида назоратга олинган. Хусусан, 1 506 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Улардан 1 минг 434 нафар шахсларга 198 нафар ижтимоий ходимлар ассистентлари томонидан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилиб келинмоқда.

Ўтган даврда “Саховат“ ва “Мурувват“ уйларига 51 нафар киши жойлаштириш учун мурожаат қилди. Уларнинг 11 нафари “Саховат“ интернат уйларига ва 40 нафари “Мурувват“ уйларига жойлаштирилди. Шу билан бирга 2 мингдан ортиқ кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларга санаторийларга йўлланмалар берилди.

Республикамизнинг олис ҳудудларида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш ишларини янада такомиллаштириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда шаҳар ва туманлар “Инсон” марказлари директорлари, бош мутахассис, супейвайзер ва ижтимоий ходимлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги ўқув маркази томонидан ташкил қилинган онлайн ўқув курсининг 3 модулини якунлади. Шундан бугунги кунда 254 нафар ижтимоий ходимлар сертификатларга эга бўлди.

— Инсон борки, умид билан яшар экан, — дейди Қўнғирот туманидаги “Тароқли” маҳалласида истиқомат қилаётган Шинар Узақбаева. —Турмушим ўхшамагач, роса сиқилдим. Мен кўпроқ фарзандим тақдиридан ташвишланар, келажагим ҳақида қайғурар, кечалари мижжа қоқмай ўйланиб чиқардим. Бу ёғига қандай яшайман? Наҳот мендаги касаллик фарзандимда ҳам такрорланади? Шу каби саволларга жавоб топа олмай қийналардим.

Бошида бозорга чиқиб юрдим. Ҳарна рўзғорга ёрдам бўлсин деб, имкониятим етгунча савдо-сотиқ қилдим. Аммо бўлмади. Менинг аҳволимда бозор иши чарчатаркан... Онажонимдан ўрганган тикувчилик ҳунари жамиятда ўз ўрнимни топишда муҳим роль ўйнади. Кўйлаклар тика бошладим. Яхшиям бизга ўхшаганлар учун кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизими, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” бор экан, маҳалла ва ҳокимият ёрдамида Моно марказда тикувчилик бўйича ўқув курсига қатнадим. Сертификат олгач, кейинчалик Республика Ногиронлар ассоциацияси қошидан “Қўнғиротлик чевар қизлар” унитар корхонасини ташкил қилдик. Бу ерда фаолият юритаётганларни матонат соҳиблари дейиш мумкин.

Ҳаётни қадрлаб, ўз ишини севадиган ва ҳаловатни ҳалол меҳнатда деб билгувчи инсонлар жамланган жамоамизда. Фаолиятимиз давомида Президентимизнинг қарор ва фармонларига мувофиқ имконияти чекланган шахсларга, ногирон фарзанд тарбиялаётган оилаларга яратиб берилаётган шароит ва имтиёзлари асосида кўпгина имтиёзлардан фойдаланяпмиз. Маҳалла раиси Омон Нурманов, хотин-қизлар қўмитаси туман бўлими раиси Марал Каримова ҳамда Ассоциация раҳбари Жаббор Норбоевларнинг саъй-ҳаракатлари ортидан субсидия асосида тикув машиналари билан таъминландик. Қўшимча кредит эвазига фаолиятимизни кенгайтирдик. Бугунга келиб ҳаётим тубдан ўзгарди. Ўғлим эндиликда уй шароитида таълим оляпти. Унинг расм чизишга иштиёқи баланд.

Шинар онаси Улбосин опадан ўрганган тикувчилик сирларини эндиликда ўзи ҳам устоз бўлиб, шогирдларига ўргатиб келмоқда. Қорақалпоғистонда ногиронларни энг кўп иш билан таъминлаган иккинчи корхона саналган ушбу тикув цехи шифохоналар, мактаб, болалар боғчаси, қўшни Мўйноқ туманидан ҳам буюртмалар олиб фаолияти борган сайин кенгаймоқда. Эътиборлиси, ушбу маскан имконияти чекланган кўплаб инсонларнинг ҳаётга бўлган ишончини оширадиган матонат мактабига айланмоқда.

Дарҳақиқат, жамиятда ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, қадр-қиммати, ҳуқуқларини ҳимоялаш, турмуш шароитларини яхшилаш масаласи ҳамиша давлатмиз эътиборида. 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида ўтказилаётган тадбирларда ўксик қалбларга шодлик улашилмоқда.

Ғайрат ОТАЖОНОВ / «Халқ сўзи».

Манба: XS.uz