Юртимизда ижтимоий ёрдамга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг шаҳар ва туманлардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Наврўз айёми ва муборак Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган саховат тадбирлари эҳтиёжманд оилаларга байрам шукуҳини олиб кирмоқда.

– Қорақалпоғистон Республикасидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари ҳудудларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга байрам совғаларини тақдим этмоқда, – дейди Кегейли туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори Рита Турданова. – Туманимизда ўн беш минг тўрт юздан ортиқ оила истиқомат қилади, улардан бир минг уч юз битта оила «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган. Бугун шундай оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларига қўшимча мевали кўчат дарахтлари ҳам тарқатилди. Эътиборлиси, томорқаларига кўчат экиб, боғ яратиш тараддудида бўлишаётгани бизни қувонтиради.

Байрам кунларида ўтказилган саховат тадбирларида сўз олганлар шу каби эзгу ишлар «Инсон қадри учун» деган тамойилнинг амалдаги ифодаси эканини таъкидлашди.

Ғайрат ОТАЖОНОВ,
«Халқ сўзи».

Манба: XS.uz