Шуманай туманида «Намунали хавфсиз кўча» дастури доирасида аҳоли учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 7 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли қарорига мувофиқ «Ибратли хавфсиз кўча» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, болалар ва хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг фаоллиги ва турмуш даражасини ошириш орқали уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури»нинг «Ҳамма учун хавфсиз ҳаёт» номли грант лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ҳамда Шуманай тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида «Мамий» овул фуқаролар йиғинининг «Пахтаобод» ва «Пахтаобод-2» кўчаларига 36 дона тунги ёриткич чироқлар ўрнатилди. Шунингдек, ҳудуд хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида 4 та видеокузатув камераси ҳам ўрнатилди.
Бу ишлар, аввало, маҳалла аҳолисининг кундалик ҳаётида қулайлик яратиш, тунги вақтларда кўчаларда хавфсизликни таъминлаш ҳамда фуқаролар учун янада тинч ва осойишта муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бундай ташаббуслар орқали аҳолига қулай ва хавфсиз шароитлар яратилиб, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, ишонч ва фаровон ҳаёт муҳитини мустаҳкамлашга замин яратилмоқда.
Жаббор НАРБАЕВ,
ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси.
Манба: “IMKONIYAT” №6 son (54) 2026 yil 20 mart

Отправить комментарий
Отправить комментарий