Хўжаниёз билан қадрдон дўст эдик. Бир-биримизни яхши тушунганмиз. Севимли “Имконият” газетамизнинг 2024 йил 20 мартдаги сонида «Мақсад аниқ бўлганда...» сарлавҳаси остида у ҳақида мақола эълон қилинди. Мақолани ўқиб роса хурсанд бўлганди. У енгил атлетиканинг ядро улоқтириш тури билан шуғулланиб келди. Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида таҳсил олди. У билимини янада чуқурлаштириш учун Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиалига ўқишга кирди. Хўжаниёз грант асосида ўқир эди. У йигирма ёшида мудҳиш бир тасодиф туфайли бир қўлидан ажралиб қолди.
У тушкунликка тушмади. Аксинчи у оғир вазиятдан чиқиш учун изланди, кўп ҳаракат қилди, ишга кирди. Хўжанияз Ериниязов Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимига компьютер мутахассиси бўлиб ишга жойлашди. У бўш вақтини спортга, бошқа эзгу ишларга бағишлади. Фидойилиги ва ҳалол меҳнатининг самараси билан Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими Нукус шаҳар бўлинмаси раиси даражасига етди. 2024 йил 24 декабрь куни дўстимиз бу ёруғ оламдан абадий кўз юмди.
Дўстимнинг орзулари жуда кўп эди. У Париж шаҳрида бўлиб ўтган XVII паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун тайёргарлик кўрган эди. Лекин, унга бу нуфузли паралимпия ўйинида иштирок этиш насиб этмади...
Яқинда уни умрининг сўнгги лаҳзаларида ёзган хати қўлимизга тушиб қолди. Хатни унинг турмуш ўртоғи Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси Жаббар Нарбаевга берган экан. Азиз газетхон, сиз ҳам ўқиб кўринг.
“Ассалому алайкум, азиз биродарларим, менинг яқинларим ва сирдошларим! Биласизми, мен одамлардан хафа бўламан. Соғлом бўлатуриб, мобил телефонни олиб, юмшоқ диванда чўзилиб ётади. Китоб ўқиш нималигини ҳам билишмайди. Ўтаётган вақтини ҳар лаҳзаси нақадар қимматлигининг аҳамиятини ҳис ҳам қилишмайди.
Менинг айтадиган гапларим кўп. Уларни етказиб беролмасам керак. Ўзим босиб ўтган йўлларга назар солсам, чўчиб кетаман. Онам тақдир тақозоси билан отамдан ажрашган. Қийин дамларда онам бизни бағрига олиб, едирди, ичирди, тарбиялади. Отамиз ўзга аёлга уйланиб, фарзандли бўлди. Биз яшаган уйда ҳозирда хотини, ўғли билан яшамоқда. Онам икковлари топиб-тутиб қурган уйда энди биз ортиқчамиз.
Ўша пайтларда онамнинг ичидан нималар ўтганини фақат ўзи биларди. Биз эса шовқин-сурон кўтардик. Фойдаси бўлмади. Онам ҳам узоқ яшамади. Ҳатто, оилали бўлганларимизни шўрлик онам кўролмади. Бошимни силайдиган меҳрибон ота-онам йўқ. Кун-кечириш учун чет элга бориб ишладим. У ерда ишга энди кўникиб, ишлаётганимда бир қўлимдан бахтсиз ҳодиса туфайли айрилдим. Яна оҳир кунлар бошланди. Бир мучангни йўқотиш азобини бошига тушганларгина билади. Уйландим. Турмуш ўртоғим мени тушунадиган, кўнглимга қарайдиган яхши, покиза аёл. Шу томондан бахтлиман. Аёлимдан чин дилдан хурсандман, бахтимга соғ бўлсин, умри узоқ бўлсин. Аллоҳ берган бир фарзандимиз бор.
Мени ўз синовларида қийнаган тақдирим яна ўйламай қора кунларга етаклади. Қўлимдан айрилганимда кўп қон йўқотганимданми ёки кўп қийинчиликлар кўриб, азобланган юрагим толиқдими, оққон хасталигига дучор бўлдим.
Аввалига бу ҳақда эшитганимда осмон ағдарилиб, бошимга тушгандай бўлди. Умримнинг бунчалар қисқалигини билиб яшашнинг азобини сизларга сўз билан етказолмайман.
Кўз ёшларимни, қалбимда йиғилиб тоғ бўлиб қолган дардларимни, ғамларимни яқинларимга билдиргим келмайди. Нима учун яқинларимни ҳам ўйга толдиришим керак дея ўз ғамимга ўзим қовриламан. На илож, қисматим шундай. Касаллик мени аста-секин букиб қўйди. Умримнинг сўнгги нафасларини яшаб туриб, Худодан бир тилак сўрайман. Турмуш ўртоғим, давомчим якка-ю ягона фарзандим, икки туғишганимнинг умри узоқ бўлсин. Уларнинг барча орзу-тилаклари ушалсин. Асло қийинчилик, ғам-ташвиш кўришмасин. Менинг яшай олмаган ёшимни уларга бўлиб берсин, Аллоҳим.
Биласизми дўстларим, ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмадим. Икки йил бор (1996 йил Чимбой туманида туғилганман). Юрагим тўхтаб-тўхтаб қоляпти. Ҳар лаҳза ғанимат деб ушбу номани ёзишга интиляпман. Яқинлашиб келаётган 2025 йилни кутиб ололмайман. Ҳар йили соат тунги 12 бўлишини сабрсизлик билан кутган бўлсам, бунга бу йил эриша олмасликка кўзим етиб турибди. Бу ёлғўзимга аён. Ҳай, дўстлар, инсонга берилган қисқа ҳаётда бир-бирингизни кўнгилларингизни қолдирманг, оғритманг! Гўзал, ширин ҳаётнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, бир-бирингизни ҳурмат қилиб яшанг!. Ота-онангизни, катталарни, дўстларингизни эъзозланг. Барчангизга сиҳат-саломатлик, аҳиллик тилаётган сизларнинг дўстингиз Хўжаниёз”.
Унинг руҳи шод, охирати обод бўлсин.
Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.
Манба: “IMKONIYAT” №5 son (29) 2025 yil 8 mart
Отправить комментарий
Отправить комментарий