Бугунги глобаллашув даврида социология нафақат назарий фан сифатида, балки жамиятни чуқур таҳлил қилишда амалий восита сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун, университетларнинг социология йўналишида таълим олаётган талабалари назарий билимларни бевосита ҳаётий жараёнларда синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлиши жуда долзарб ҳисобланади.
Шу мақсадда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети “Тарих” факултети Ижтимоий фанлар кафедраси "Социология" йўналишининг 4-босқич талабалари жорий йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси тизимида малакавий амалиётни ўтаб келмоқда. Ушбу амалиёт доирасида талабалар жамиятнинг турли ижтимоий қатламлари билан бевосита мулоқот қилиб, реал муаммоларни таҳлил қилиш, мавжуд ижтимоий хизматларнинг самарадорлигини баҳолаш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлади.
Талабалар амалиёт давомида ижтимоий ҳимоя, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, шунингдек, оилавий ва демографик сиёсат йўналишларида мониторинг ишларини олиб бормоқда. Улар ўз кузатув ва таҳлиллари асосида илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиб, мазкур ташкилот мутахассислари билан ўзаро ҳамкорликда уларни муҳокама қилмоқда.
Бу жараён социология фанининг амалий асослари нақадар муҳим эканини яна бир бор исботламоқда. Талабалар нафақат олган билимларини мустаҳкамламоқда, балки реал ҳаётда уларнинг фойдалилигини исботламоқда. Бу эса назария ва амалиёт ўртасидаги уйғунликни таъминлайди, талабаларни бўлажак ижтимоий таҳлилчилар сифатида шаклланишига кўмаклашади.
Б.Диланова,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети
“Социология” йўналиши 4-босқич талабаси.



Отправить комментарий
Отправить комментарий