Жорий йилнинг 6-10 май кунлари давомида Республика Ишчи гуруҳи томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида жойларда кенг кўламли сайёр қабуллар ташкил этилди.

Мазкур қабуллар давомида давлат идоралари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари фуқаролар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг дард-у ташвишларини тинглаш, долзарб муаммоларини аниқлаш ҳамда имкон қадар тезкор ва самарали ечим топиш борасида фаол иш олиб бордилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси раҳбарияти томонидан ўтказилган қабулларида жами 36 нафар фуқаронинг 40 та масаладаги мурожаатлари қабул қилинди.

Бу мурожаатлар турли йўналишларда бўлиб, аҳолини қийнаётган ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва маиший муаммоларни ўз ичига олади.

Шундан: 9 та мурожаат жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди, 11 та мурожаат бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 20 та мурожаат эса батафсил ўрганиш ва ҳал этиш учун назоратга олинди.

Ушбу сайёр қабуллар нафақат фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш, балки уларнинг давлат идоралари билан ўзаро ишончли алоқасини мустаҳкамлашда ҳам муҳим қадам бўлди.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси