Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун «Тахиатош» санаторийсига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Ушбу уч қаватли санатория дастлаб 1978 йилда Тахиатош ГРЭС корхонаси санатория-профилакторияси бўлиб ташкил этилган.

Сўнгги йилларда бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июнь кунги «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун «Тахиатош» санаторийси янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилди.

Санатория Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси туман тиббий-ижтимоий бўлимлари томонидан йўлланма асосида келувчи дам олувчилар учун, жами 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, унга қўшимча равишда аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш бўлими ҳам очилди.

Санаториянинг асосий профили ҳаракат-таянч ва асаб тизими касалликларини даволаш учун мўлжалланган.

Унинг биринчи қаватида даволаш хоналари бўлиб, унда физиотерапия, озекерит парафин, УВЧ, дарсенвал, ЛФК (жисмоний машғулот, тренажёрларда машғулот), массаж, электрофорез, амплипулс, ультратовуш, светованна, лазер терапияси, ингаляция, тубус КВАРC, ултра товуш (УЗТ), электро-сандал терапия, электромассаж кушеткаси, фитобар, стоматология, нуга-бест, озонотерапия, умуртқа поғонасини тортиш кушеткаси, бўйин умуртқаларини тортиш креслоси, оёқдан тортиш аппарати, магнитотерапия аппарати (траксион кровать, зинда аппарати, ичак ювиш), даволаш ваннаси (кедровая бочка, айланма душ, марваридли ванна, минерал ванна, чарко душ, кўтарилган душ, сув ости массажи) ва бошқа ЭКГ, УЗИ каби текширув хоналари, хизмат турлари мавжуд.

– Барча тиббий аппаратлар давлат стандарт назоратидан ўтказилган, – дейди санатория бош шифокори А.Мадаминов. – Шунингдек, санаторийда сўнгги йилларда кенг кўламли капитал таъмирлаш ишлари, замонавий асбоб-ускуналар билан қайта жиҳозлаш тадбирлари амалга оширилиб, унинг қиёфаси ва хизмат кўрсатиш сифати тубдан ўзгарди.

Иккинчи ва учинчи қаватларда ётоқхоналар ва иш хоналари жойлашган. Ётоқхоналарнинг ҳар бири икки кишилик бўлиб, пуллик хизмат кўрсатиш бўлимининг 8 та хонаси оддий хона, яна 8 та хонаси ярим люкс ва 9 та хонаси люкс хоналар бўлиб, барча хоналарда дам олувчилар учун қулай шароитлар яратилган.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун 2024 йил давомида 2156 нафар нуронийга йўлланма асосида, 1510 нафар фуқарога пуллик хизмат кўрсатиш асосида хизмат кўрсатилди. 2025 йилнинг 1-чорак якунига кўра, йўлланма билан жами 554 нуроний, 312 фуқарога пуллик хизмат кўрсатиш асосида хизмат кўрсатилди. 1 май ҳолатига эса 752 нуроний, 452 фуқарога пуллик хизмат кўрсатиш асосида хизмат кўрсатилди.

2024 йилдан бошлаб санаторияга йўлланма билан келган шахсларни қабул қилиш ва уларни «Chek in-Chek out» тизими орқали расмийлаштириш ишлари йўлга қўйилган ва ҳаммаси ўз вақтида амалга оширилиб келинмоқда.

Санаторияда дам олувчиларнинг кўнглини кўтариш мақсадида ҳар ҳафтада «Humo» гуруҳи, Тахиатош маданият уйи ходимлари ва республикамизнинг бир қатор машҳур хонандалари ижросида концерт дастури намойиш этилади. Ҳар бир байрамни юқори савияда ўтказиш учун таниқли санъаткорлар таклиф этилади. Бу тадбирларга қўшимча зиёратгоҳларга олиб борилиб зиёратлар ташкил этилади. Музейларга, тарихий объектларга экскурсиялар ташкил этилиб, бўш вақтларида шахмат, шашка ўйинлари ўтказилади ва янги газета-журналлар билан танишиб, кутубхонадан адабий китоблар олиб ўқишади ва телевизор томоша қилишади.

Тахиатош тумани кутубхонасидан шартнома асосида адабий ва бадиий китоблар олиниб, ҳозирги кунда кутубхонада 1000 га яқин ўзбек, қорақалпоқ, рус ва қозоқ тилларидаги адабий ва бадиий китоблар мавжуд.

Шунингдек, агентлик тизимида тажриба-синов тариқасида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уйда тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Жумладан, санаторийда ҳам жорий йил 28 февралдан бошлаб Тахтакўпир тумани «Инсон» ижтимоий маркази томонидан бириктирилган 5 нафар ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга уйда тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 майдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, жорий йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилиб, санаторийда ҳам хизматни тўлиқ йўлга қўйиш ишлари амалга оширилади.

– Мен Беруний туманидан келиб даволаняпман. Тумандаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказидан йўлланма олдим. Кўп йил ўқитувчи бўлиб ишладим. Ҳозирги вақтда нафақадаман. Бу санаторийда барча шароитлар яратилган экан. Яхши қараб турибди. Оёғим оғрирди. Ҳозир оғриғи қўйди. Шифокорларга миннатдорчилик билдираман, – дейди Ш.Жаматов.

Пресс-тур давомида иштирокчилар даволанувчилар учун яратилган шароитлар билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Манба: KKNEWS.uz – Қорақапоғистон матбуот агентлиги Расмий веб-сайти