Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий босқичига старт берилди.
Унда ҳудудий саралаш босқичларида ғолиб чиққан 286 нафар ногиронлиги бўлган спортчи қатнашмоқда. Иштирокчилар пара стол тенниси, пара енгил атлетика, пара шахмат, пара шашка каби жами 13 та спорт тури бўйича ўзаро баҳслашмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар иштирокчиларга муваффақият, юқори кайфият ва ғалаба тилашди. Шунингдек мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан пара спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборга алоҳида тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишини йўлга қўйиш, спорт иншоотларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш ва уларга зарур шарт-шароитларни яратиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мана шундай эътибор ва ғамхўрлик натижасида спортчиларимиз параолимпиада ўйинларида, халқаро мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритишмоқда.
Шундан сўнг спорт беллашувларига старт берилди. Иштирокчилар ҳар бир спорт тури бўйиича ўзларининг маҳорати, иродаси ва жисмоний тайёргарлигини намоён этишди. Ажойиб муҳит, ёрқин таассуротлар ва соғлом рақобат мусобақа доирасидаги энг муҳим жиҳатлардан бўлди.
“Беш ташаббус паралимпиадаси” доирасида ўтказиладиган оммавий спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари орасидан ногиронлиги бўлган иқтидорли шахсларни саралаб олиш ҳамда уларни профессионал спортга йўналтириш тизими йўлга қўйилган. Шу билан бирга бундай тадбирлар имкониятлар тенглигини таъминлаш, ижтимоий фаолликни ошириш ва спорт орқали жамиятдаги барчани жипслаштиришга хизмат қилади.
Манба: UzA.uz
Отправить комментарий
Отправить комментарий