Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фаҳрийлари учун мўлжалланган “Тахиатош” санаторийсига пресс-тур ташкил этилди.

Мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу муассасада асосий профиль сифатида ҳаракат-таянч ва асаб тизими касалликларини даволаш йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан “Тахиатош” санаторийси Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфига ўтказилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилди.

Санатория мамлакатимиз вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туман тиббий-ижтимоий бўлимлари томонидан йўлланма асосида келувчи дам олувчилар учун 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, бунга қўшимча равишда 50 ўринлик аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш бўлими ҳам фаолият юритиб келмоқда. Ўтган йил давомида 2 минг 156 нафар нуронийга йўлланма асосида, 1 минг 510 нафар фуқарога пуллик асосда хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб, йўлланма билан келган 752 нафар нуронийга, 452 нафар фуқарога пуллик асосда хизмат кўрсатилган. 2024 йилдан буён санаторийга йўлланма билан келган шахсларни қабул қилиш ҳамда уларни расмийлаштиришни “Чек-ин” ва “чек-аут” тизими орқали амалга ошириш йўлга қўйилган.

– Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 январдаги “2022 – 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мазкур санаторияда умумий қиймати 6 миллиард 650 миллион сўмлик қурилиш ҳамда реконструкция ишлари олиб борилди ва янги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Жумладан, комплекс физиотерапик BTL аппарати, сув билан даволаш қурилмалари, электро-ультратовуш, лазерли ҳамда магнитотерапия аппаратлари ва яна бошқа инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи асбоб-ускуналар билан таъминланди, – дейди бош шифокор Алишер Мадаминов.

Дам олувчиларнинг янада яхши ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида турли тадбирлар, шу жумладан ҳар ҳафтада концертлар ташкил этилиб, уларга таниқли санъаткорлар таклиф қилинади. Зиёратгоҳлар, музейлар, Оролбўйининг тарихий объектларига экскурсиялар ташкил қилиниб, дам олувчилар бўш вақтларида шахмат, шашка ўйнашади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 2025 йил 24 февралдаги хати асосида тизимда тажриба-синов тариқасида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уйда тиббий-ижтимоий реабилитация хизматини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Жумладан, мазкур санаторияда ҳам 2025 йил 28 февралдан бошлаб Тахиатош туманидаги "Инсон" маркази томонидан бириктирилган 5 нафар якка-ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож шахснинг уйида тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати амалга оширилиб келинмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Фаол ҳаётга қадам” дастури жорий этилиб, санаторийда ҳам хизмат тўлиқ йўлга қўйилади.

Тадбир иштирокчилари санаторияда даволанувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Манба: UZA.uz