Инсон қадри ҳамма нарсадан устун турадиган мамлакатимизда эришилаётган ютуқларнинг асосини Президентимиз таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» тамойили ташкил этмоқда. Дини, тили, ирқи, миллати қандай бўлишидан қатъи назар, юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиб, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги Конституциямизда, қонунларимизда белгилаб қўйилган.Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари 2 баробарга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди ва ногиронлиги бўлган шахслар қамраб олиниши 5 баробарга кўпайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ёрдамга муҳтож бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилди.
Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда уни самарали назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан давлат томонидан аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий этиш, ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг эҳтиёжманд қатламининг ижтимоийлашувини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир турмуш шароитига тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилган эди. Жойларда фаолият юритаётган ушбу марказлар қандай иш олиб бормоқда? Биз Хўжайли тумани ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ташкил этилган пресс-турда Хўжайли тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан танишдик.
– Агентликнинг, жумладан, Хўжайли тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг асосий вазифаларидан бири оғир турмуш шароитига тушган аҳоли билан манзилли ишлаш ва уларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, жамиятга ижтимоийлашувини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли сонини камайтириш, оғир турмуш шароитига тушиш хавфи остида бўлган ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдамни маҳалла даражасида ташкил этиш орқали аҳолини ўзи яшаётган муҳитдан ажратмаслик, ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдамнинг доимий бўлишини таъминлаш орқали уларнинг ҳуқуқларини барқарор кафолатлаш. Ушбу вазифаларни амалга оширишда кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали фаолиятни ташкил этиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга кўра буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш. Оғир вазиятга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни ташкил этишдан иборат. Марказимиз ходимлари томонидан ҳар бир оиланинг аҳволи ўрганилиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида ижтимоий паспортлари шакллантирилди, – дейди Хўжайли тумани «Инсон ижтимоий хизматлар маркази» директори Замира Балтамуратова.
Тадбирда масъул мутахассислар томонидан марказ томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.
Бугунги кунда туманда 32 165 та оила бўлиб, аҳоли сони эса 129 416 нафарни ташкил этмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра туманда жами 10 811 та оила ижтимоий хизматлар ва ёрдамларга муҳтожлиги аниқланди. Бу жами оилаларга нисбатан 8,3 фоизни ташкил этади. Ушбу оилаларга ўрганиш натижасида кейс-менежмент усули орқали ижтимоий ходимлар ва марказ томонидан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаси ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг биринчи чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 октябрдаги қарори бўйича «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар томонидан тумандаги 12 тоифадаги аҳоли қатламларига 103 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Шу кунга қадар жами 298 та «Кейс» (ижтимоий иш) очилиб, белгиланган тартибда жами 1192 та хизматлар режаси ишлаб чиқилиб, шундан, 24 та хизмат «Инсон» маркази томонидан, 1168 та хизмат ижтимоий ходимлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳисобланади. Бугунги кунга қадар 1054 таси (22 таси «Инсон» маркази томонидан, 1032 таси ижтимоий ходимлар томонидан) хизматлар тўлиқ кўрсатилиб бўлинди.
Кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифаларига «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 128 нафар фуқарога жами 152 миллион 835 минг сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 103 фуқарога жами 116 млн 600 минг сўмлик дори-дармон учун, 3 фуқарога жами 12 млн 600 минг сўм даволаниш учун, 16 фуқарога жами 5,4 млн сўм озиқ-овқат учун, 17 фуқарога жами 15 млн сўм кийим-кечак учун 2 фуқарога жами 750 минг сўм коммунал харажатлари учун маблағ берилди.
Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 декабрь кунги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 март кунги қарори асосида йил бошида 97 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар «Ёлғиз кексалар» реестрига киритилган бўлиб, бугунги кунда жами 103 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 15 нафар ижтимоий ходим ассистентлари бириктирилган бўлиб, уйида ижтимоий бириктирилган бўлиб, уйида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳалардаги фаоллигини ошириш мақсадида маданий ва байрам тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Пенсия ёшидаги нуронийлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Агентлик тизимидаги санаторийларга йўлланмалар берилди.
– Соғлигимни тиклаш учун марказ томонидан йўлланма олиб, Тахиатош туманидаги санаторийда дам олиб қайтдим, – дейди тумандаги «Тонг» ҚФЙ фуқароси, нуроний Гавҳар Сапарбаева. У ерда бепул даволаниб қайтдим. Бунинг учун биз нуронийларга шундай имкониятлар яратиб бериб қўйган Президентимизга миннатдорчилигимиз чексиз.
Қийноқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан туманда 76 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан уларга тегишли ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилган. Туманда жами 4049 нафар ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб, шундан 461 нафари 1-гуруҳ, 2785 нафари 2-гуруҳ, 115 нафари 3-гуруҳ ва 688 нафари болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларни ташкил этади. Жорий йилнинг шу кунига қадар жами 187 нафар ногиронлиги бўлган ва ёшга доир нафақадаги фуқаролардан аризалар келиб тушиб, 187 нафар фуқарога маҳсулотлар етказиб берилди.
Жумладан, 10 нафар фуқарога электр юритмали аравача, 41 нафар фуқарога қўлда бошқариладиган кресло аравача, 17 нафар фуқарога эшитиш мосламаси, 24 нафар фуқарога ҳасса, 14 нафар фуқарога қўлтиқтаёқ (жуфт), 19 нафар фуқарога тирсакли қўлтиқтаёқ (дона), 23 нафар фуқарога кўзи ожизлар ҳассаси, 7 нафар фуқарога юриш қуроли ходунок, 1 нафар фуқарога сийдик қабул қилгич, 31 нафар фуқарога протез ортопедик маҳсулотлари берилди. Ногиронлиги бўлган 58 нафар шахс Реабилитация марказида даволаниб чиқди.
Жорий йилнинг январь-март ойлари давомида Хўжайли тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси меҳнатга лаёқатлилик тавсияномаси берилган фуқаролардан жами 81 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашди, шу жумладан 1 таси давлат ташкилотига, 45 таси хусусий корхонага ва 35 киши доимий ва вақтинчалик ишларга жойлаштирилди, 6 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро касб-ҳунарга ўқишга йўналтирилди.
Бугунги кунга келиб 31 нафар ногиронлиги бўлган шахслар параспорт билан шуғулланиб келмоқда. «Беш ташаббус паралимпиадаси»да тумандан 112 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатдан ўтган.
Марказ томонидан болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш сектори томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда ота-онаси олти ойдан ортиқ яшаш жойида бўлмаган вояга етмаганлар ҳисобига олинган 66 нафар болага васий ва ҳомий тайинланган, шундан 47 нафари ҳомийликка олинган.
Давлат қарамоғидаги маюс кўзлар
Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига қарашли Жайҳун ҚФЙда жойлашган 17-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида бўлдик. Бу ерда 78 нафар тарбияланувчи (шундан 32 нафари тунаб, 46 нафари уйларига қайтади) педагог-тарбиячилардан таълим-тарбия олмоқда. Ташкилотда 50 нафар ногиронлиги бор бола бўлиб, 1 гуруҳда оғир нуқсони бор, 1 гуруҳда таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бор, 1 гуруҳда енгил даражадаги ақли заиф болалар, 5 гуруҳда психик ривожланишда орқада қолаётган болалар тарбияланмоқда.
Ушбу муассаса тарбияланувчилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 январдаги «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олишини ташкил этиш ва уларни реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ПТПК (психологик-тиббий-педагогик комиссиялар) хулосаси билан муассасага қабул қилинган.
Биз бу ерда юқорида келтирилган касаллик ва нуқсонлар бўйича боғча ёшидаги болалар тарбияланаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Улар тўлиқ даражада давлатнинг ғамхўрлигида. Уларнинг тарбияси билан шуғулланаётган педагог-тарбиячилар, дефектолог, психологлар, шифокор ва ҳамширалар, ошпазлар бари-бари ушбу болаларнинг парвариши, тарбияси билан шуғулланиб, уларнинг (меъёр бўйича соғайиб кетадиганларини) жамиятга қўшилиб кетиши учун имкониятдан фойдаланиб ҳисса қўшмоқда. У ерда давлатимиз томонидан болалар учун барча шароитлар яратилган.
– Булар нега ҳаммаси бир-бирига ўхшайди,-дедим мен болаларга қараб туриб тарбиячига савол бериб.
– Бу болалар Дауна касаллиги билан туғилган болалар. Бу касаллик билан оғриганлар дунёнинг қаерида яшамасин улар бир ота-онанинг фарзандларидек бир-бирига ўхшайди, – деди тарбиячи Шинигул Есбагамбетова.
Улар бир-бирига жуда меҳрибон. Аммо уларнинг орасида ўзгача, уларга ўхшамайдиган, ҳаттоки, кўринишидан соғлом бола кўринадиган бир бола эътиборимизни тортди. Бу ўз дунёсига эга, бошқаларга ўхшамайдиган, ўзини бошқалардан узоқ тутиб юрадиган Аутизм касаллиги билан оғриган бола эди.
Таянч ҳаракати аъзосида нуқсони бор болалар гуруҳида бир қўли йўқ кичкинагина тўрт яшар боланинг ҳам ўзига яраша тақдири бор. Кампир опасининг қарамоғидаги бу бола ота-она меҳрига муҳтож. Ногирон бўлиб туғилган боласини онасига ташлаб кетган унинг онаси қаерларда юрибди экан деган ўйларга толдим…
– Касаллик турига қараб саломатлиги ўртача бўлган болалар билан мутахассисларимизнинг шахсий ишлаши натижасида уларнинг аҳволи яхшиланиб, мактабга ўқишга бориб, жамиятга аралашиб бораётгани бизни қувонтиради. Биз бундай ижобий ҳолатларни кўриб меҳнатларимиз зое кетмаганидан хурсанд бўламиз, – дейди ташкилот методисти Инабат Матниязова.
– Биз журналистлар халқ орасида бўлиб кўплаб воқеаларнинг, янгиликларнинг гувоҳи бўламиз. Мана, бугунги матбуот анжуманида мамлакатимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Давлат ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериб, имконияти чекланган инсонларга ғамхўрлик кўрсатиб, турли касалликлар билан оғриган жажжи норасида гўдакларни ҳам ўз қарамоғига олиб, бор ёрдамини бермоқда. Бу биз журналистларни ижодий ишларимизда янада руҳлантиради, – дейди Қорақалпоғистон радиоканали журналисти Д.Аманлепесова.
Г.Турдишова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Манба: KKNEWS.uz – Қорақапоғистон
матбуот агентлиги Расмий веб-сайти
Отправить комментарий
Отправить комментарий