Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан, тажриба-синов тариқасида, босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида кундузги парваришлаш хизмати йўлга қўйилиши белгиланган эди.
Бугун Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб Нукус шаҳрида жойлашган «Болажон» мактабгача таълим ташкилотида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан "Кундузги парвариш" хизмати йўлга қўйилди.
Янги ташкил этилган ушбу гуруҳга Бошқарма қошида ташкил этилган Психологик-тиббий-педагогик комиссия текширувидан ўтказилган ногиронлиги бўлган 13 нафар бола қамраб олинди.
Бу “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этиш ва оила аъзоларига меҳнат қилишига шароит яратиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг оила қармоғида қолишини таъминлаш мақсадида янги тизим асосида амалга оширилмоқда.
“Фарзандим болаликдан ногирон, бундай хизматнинг йўлга қўйилиши шахсан мен учун ва биз каби ота-оналар учун жуда яхши бўлди деб ўйлайман, Президентимизга биз каби ота-оналарни ўйлаб қилган бундай эзгу ташаббуси учун миннатдорчилик билдираман. Ҳозир келиб бу ердаги шароитлар билан танишяпман, ҳаммаси яхши, фарзандим кундузи шу ерда бўлса, менга ишлаш имконияти яратилади, болам ишончли қўлларда бўлади,” – дейди ота-оналардан бири.
Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси
Отправить комментарий
Отправить комментарий