Нукус шаҳрида ногиронлиги бўлган болалар учун янги ижтимоий хизмат – «Кундузги парвариш» хизмати амалга татбиқ этилди. Бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида тажриба-синов тариқасида ташкил этилмоқда.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида босқичма-босқич ушбу хизмат йўлга қўйилади. Қорақалпоғистонда эса биринчи бўлиб Нукус шаҳридаги «Болажон» мактабгача таълим ташкилотида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ушбу хизмат фаолияти бошлаб юборилди.
Мазкур гуруҳга бошқарма ҳузурида фаолият юритаётган Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида 13 нафар ногиронлиги бўлган бола қабул қилинди. Хизматнинг асосий мақсади – «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, оилаларнинг меҳнат фаолияти билан шуғулланишига тўсқинлик қилувчи омилларни камайтириш ва болаларнинг оила муҳитида тарбия олишига имкон яратишдир.
Шу муносабат билан ота-оналар ҳам ўз миннатдорчиликларини билдиришмоқда. Улардан бири шундай деди:
«Фарзандим болаликдан ногирон, бундай хизматнинг йўлга қўйилиши шахсан мен учун ва биз каби ота-оналар учун жуда яхши бўлди, деб ўйлайман. Президентимизга биз каби ота-оналарни ўйлаб қилган бундай эзгу ташаббуси учун миннатдорчилик билдираман. Ҳозир келиб бу ердаги шароитлар билан танишяпман, ҳаммаси яхши. Фарзандим кундузи шу ерда бўлса, менга ишлаш имконияти яратилади, болам ишончли қўлларда бўлади.»
Янги хизматнинг жорий этилиши нафақат болаларнинг муносиб таълим-тарбия олишига, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам катта ижтимоий ёрдам бўлади. Бу эса Президент ташаббусларининг ҳаётга татбиқ этилаётганининг яна бир амалдаги исботидир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Манба: KKNEWS.uz – Қорақапоғистон матбуот агентлиги Расмий веб-сайти
Отправить комментарий
Отправить комментарий