Ижтимоий давлат ҳисобланган тимизда ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг доирадаги ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар маблағлари ҳисобидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказиладиган бўлди.

Муҳими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қошидаги Ижтимоий инспекция ногиронлиги бўлган шахсларга қулай муҳит ва тўсиқларсиз ҳаракат қилиш имкониятлари яратилганлигини назорат қилувчи ваколатли орган этиб белгиланган.

Яқинда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Нукус шаҳри ҳудудий бўлинмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ҳамда Кўзи ожизлар жамияти Нукус шаҳар бўлинмаси ҳамкорликда Нукус шаҳрида жамоатчилик назоратини амалга оширди.

Назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-266-сонли қарори асосида ташкил этилди.

Жамоатчилик назорати жаранида Нукус шаҳридаги пиёдалар йўлаклари, тротуарларнинг ҳолати, йўл ўтиш жойлари ўрганилди. Ижтимоий объектларга кириш нуқталари ногиронлиги бўлган шахслар учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги жиҳатдан текшириб чиқилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди.

Тадбир Нукус шаҳрини инклюзив шаҳарга айлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Холида ҚОБУЛОВА.

Манба: “IMKONIYAT” №12 son (36) 2025 yil 21 iyun