Шу пайтгача имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш борасида қатор камчиликлар мавжуд эди. Кўплаб ногиронлиги бўлган шахслар ўзининг меҳнат қилиш, мустақил даромад топиш, жамиятга фойда келтириш орзусини рўёбга чиқариш имкониятидан четда қолаётганди.
Бугун эса ёндашув бутунлай ўзгарди – давлат ва маҳаллий ҳокимликлар мазкур тоифадаги кишилар бандлиги, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши ва тадбиркорликка жалб қилинишига кенг йўл очмоқда. Бу ёндашув натижасида имконияти чекланган фуқаролар ҳам ўз меҳнати, салоҳияти билан жамият ҳаётида фаол иштирок этишга эришмоқда.
Бугун аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича эзгу саъй-ҳаракатлар чекка-чекка ҳудудларгача етиб бораётгани қувонарли ҳолат. Хусусан, Беруний тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳам давлат раҳбарининг белгилаб берган саъй-ҳаракатларига ҳамоҳанг равишда тизимли ишларни амалга оширмоқда. Бунда айнан ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжидан келиб чиқиб, улар учун ҳаётий зарур чоралар кўрилмоқда. Айниқса, ташаббусларни фуқароларнинг ўзи билдираётгани, ислоҳотларнинг қўллаб-қувватланиши, олиб борилаётган ишларнинг ижобий натижаси демак.
Беруний туманидаги “Бўстон” маҳалласида яшовчи Жамолиддин Худайбергеновни ана шундай ташаббускор фуқароларимиздан бири, дейиш мумкин. Кутилмаган хасталик ва тақдирнинг оғриқли синови бу кишининг қаддини бука олмади. Аксинча, у ўзида ирода ва куч топиб, жисмонан бўлмасада, руҳан оёққа турди.
Жамолиддин ака кулолчилик, асаларичилик ва боғдорчилик фаолияти билан йиллар давомида шуғулланиб келган. Кўчат парваришлаш ва етиштириш бўйича чуқур билимга эга. Фуқарони имконсизликдан имкон топиб, ҳаёт қийинчиликларини ўзининг имкониятларига айлантирган инсон, дейиш мумкин.
У I гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, ҳозирги кунда томорқасида лимон ва турли кўчатлар етиштиришни йўлга қўйган. Бу ҳунарни турмуш ўртоғи ва фарзандларига ҳам ўргатяпти. Мазкур оила уйида кичик тадбиркорлик билан шуғулланиб, томорқасидан унумли фойдаланиб келмоқда.
Буни қарангки, Жамолиддин ака нафақат оила аъзоларини лимончилик билан шуғулланишга жалб қилди, балки бугунги кунда фаолиятини кенгайтириб, маҳалладошларини иш билан таъминлади. Ҳозирда хонадонида 10-15 нафар фуқаро мавсумий ишлаб, қўшимча даромад топяпти. Ходимларга кунига 150-200 минг сўм атрофида иш ҳақи берилади.
Кичик тадбиркорликдан келаётган даромад кўзни қувонтирар даражада, десак хато бўлмайди. Жамолиддин ака лимончиликдан йилига 500 кг. атрофида ҳосил олади, ўртача йиллик даромад эса 25-30 миллион сўмни ташкил этади. Ҳар мавсумда 10 мингга яқин кўчат сотилиб, бу орқали хонадонга 100 миллион сўмгача маблағ келади.
Жамолиддин ака ҳозирда лимончилик фаолиятини кенгайтириш истагида. У ўз имкониятларини ишга солиб, оиласининг кичик бизнес билан шуғулланишини қўллаб-қувватламоқда. Фуқаро имконияти чекланган бўлса-да, ўзгадан ёрдам кутиб ўтирмайди. Аксинча, бор кучини ишга солиб, бошқалар корига ярашга астойдил ҳаракат қилади.
Бу каби ташаббуслар нафақат бир инсоннинг ҳаётини ўзгартириш, балки бутун жамиятда имконияти чекланган шахсларга нисбатан ижобий муносабатни шакллантиришга хизмат қилади. Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ўз меҳнати билан даромад топиши, оиласига, жамиятга фойдали бўлиши, касбини ривожлантиришга интилиши – ижтимоий инклюзиянинг амалий намунаси бўлиб, барчамиз учун ибратдир. Давлат томонидан яратилаётган ана шундай имкониятлар инсон қадрини улуғлаб, ҳар кимнинг ҳаётдан муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашмоқда.
Диана АСҚАРОВА,
Беруний туманидаги “Бўстон” маҳалласи ижтимоий ходими.
Манба: “Mahalla” №58 (2282) 2025 йил 19 июль, шанба

Отправить комментарий
Отправить комментарий