Орол денгизи қуриб, глобал иқлим ўзгараётгани туфайли Қорақалпоғистон Республикасида сув танқислиги тобора кучаймоқда. Бу нафақат аҳоли, балки санитария шароитларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, овул жойларда эски ва самарасиз септик тизимлар соғлиқ ҳамда атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдириши турган гап.
Яқинда бу муаммога барҳам бериш учун БМТнинг Тараққиёт дастури, Япония ҳукумати, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамкорлигида инновацион лойиҳа амалга оширилди. Ташаббус доирасида Японияда ишлаб чиқилган “Jokaso” номли замонавий оқова сувни тозалаш тизими синовдан ўтказилди.
Жорий йил бошида 96 минг АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилган лойиҳа доирасида “Jokaso” қурилмаси учта муҳим ижтимоий муассасада, яъни, реабилитация маркази, болалар боғчаси ва ихтисослаштирилган мактабда ўрнатилди. Ушбу тизимлар марказлаштирилмаган ҳолда ишлайди ва оқова сувни биологик тозалашни таъминлайди. Ушбу объектларнинг танлангани бежизга эмас: Нукус туманидаги ихтисослашган реабилитация марказида ногиронлиги бўлган шахслар даволанади. Бу жойда “Jokaso” тизимининг жорий этилиши муҳим ўзгаришларга сабаб бўлди. Ҳар йили 3,5 мингга яқин беморга хизмат кўрсатадиган марказ энди барқарор ва ишончли тоза сув манбаига эга.
Марказ раҳбари Гулмирза Юлдошевнинг айтишича, янги тизим ўрнатилгандан сўнг ҳудудга тегишли майдонда турли хил истеъмолбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда ва тозаланган сув туфайли ҳосилдорлик яхши бўляпти:
– Авваллари ҳар қанча эътибор берсак ҳам, экин кўкармас, борлари эса қуриб қоларди. Бундан ташқари, экологик ва ижтимоий афзалликлари кўп экан: ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилгани натижасида беморларнинг руҳий саломатлигида ҳам ижобий ўзгаришлар сезилмоқда.
Айни пайтда янги тизим натижалари кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Шу сабабли, уни ўрганиш ва кенг жорий этиш мақсадида реабилитация марказида туман ва шаҳарлардаги уй-жой мулкдорлари вакиллари учун амалий семинар ўтказилди. Унда “Jokaso” тизимининг ишлаш жараёнлари намойиш этилди.
Бир сўз билан айтганда, “Jokaso” каби инновацион ечимлар Қорақалпоғистон Республикасида оби ҳаёт танқислиги шароитида ҳам тоза сувга бўлган эҳтиёжни қондириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолининг ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Бу лойиҳа фақатгина техник янгилик эмас – у инсон қадри, соғлиғи ва келажагига қаратилган амалий қадамдир.
Марат УЛПЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Инфратузилмани ривожлантириш бўйича бош мутахассиси.
Манба: “O’ZBISTON BUYODKORI” №57 (910) 2025 йил 29 июль, сешанба



Отправить комментарий
Отправить комментарий