Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан «Инсон – инсонга кўмакчи» мавзусида семинар-коучинг ташкил этилди.
Тадбир аввалида меҳмонлар бошқармага қарашли «Мурувват» интернат уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва мактабгача таълим ташкилотлари томонидан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда ҳунармандчилик ишлари кўргазмаси билан танишдилар. Кўргазма иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, ижтимоий ҳимоя муассасаларида амалга оширилаётган амалий ишларнинг самарасини намоён этди.
Семинар-коучингнинг асосий қисми бошқарма раҳбари С.Данияров ва агентликнинг Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи З.Хамраходжаеванинг кириш сўзлари билан бошланди. Улар ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар, сўнгги қабул қилинган қарорлар ва семинарнинг мақсади ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишди.
Тадбир давомида фуқароларга Президент қарори асосида эҳтиёжманд оилалар учун газ ва электр энергиясига тўланадиган компенсациялар ҳақида Бошқарманинг сектор раҳбари Н.Ғаниев томонидан батафсил тушунтириш берилди. Мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилиб, иштирокчилар олинган маълумотларни мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишди.
Шунингдек, «Кундузги қараб туриш» хизмати тўғрисида Бошқарманинг сектор раҳбари А.Эрманов томонидан ахборот берилди.
Тадбирга «Инсон» маркази психологлари ҳам жалб қилиниб, улар томонидан турли машғулотлар ва қизиқарли ўйинлар ташкил этилди. Фаол иштирок этган фуқаролар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ва тақдирлашлар билан муносиб қадрланди.
Ушбу семинар-коучинг ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш ва муаммолар ечимини ҳамкорликда топиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Манба: KKNEWS.uz – Қорақапоғистон матбуот агентлиги Расмий веб-сайти
Отправить комментарий
Отправить комментарий