Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш, камбағалликни қисқартириш ва жамиятда тенг имкониятлар яратиш мақсадида бугунги кунда худуддаги 452 та маҳаллада 448 нафар ижтимоий ходим фаолият олиб бормоқда.

Улар аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиб, мурожаат ва муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.

2025 йилнинг ўтган даврида ижтимоий ходимлар томонидан уйма-уй юриб ўрганиш орқали 5 479 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро аниқланди. Улар орасида 1 575 нафар ногиронлик гуруҳи белгиланмаган шахслар, 1 798 нафар протез-ортопедия воситаларига муҳтожлар, 837 нафар васийлик ва ҳомийлик белгиланмаган болалар ва 447 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқаролар мавжуд.

Жорий йилнинг биринчи ярмида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига 104 турдаги 136 594 та ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатилиб, 8 601 нафар фуқаронинг жамиятга ижтимоий мослашуви таъминланди. Саховат ва кўмак жамғармаси ҳисобидан 4,5 млрд сўмлик 3 419 та моддий ёрдам берилди.

Бугуни кунда Қорақалпоғистон худудида 69 369 нафар ногиронлиги бўлган шахс яшамоқда. Шундан 10 810 нафари — болалар. Улар учун реабилитация, таълим ва тиббий хизматлар тизимли равишда кўрсатилмоқда.

Жумладан, 3-18 ёшдаги 9 907 нафар ногиронлиги бўлган болалардан 86,4% – 7 471 нафар бола таълим муассасаларига қамраб олинди. Шунингдек, психологик-тиббий-педагогик комиссия фаолияти доирасида 3 281 та ариза кўриб чиқилиб, 2 022 нафар болага хулоса берилиб, ижтимоий хизматларга йўналтирилди.

Президент қарори асосида ташкил этилган «Кундузги парваришлаш хизмати» ҳозирда Нукус шаҳри ва 6 та туманда ўз фаолиятини бошлади. Унда 69 нафар бола қамраб олинган. Август ойи охирига қадар барча туманларда ушбу хизмат йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Нукус шаҳрида ота-она қарамоғидан маҳрум болалар учун «Кичик ҳажмли болалар уйи» ташкил этилмоқда. Қорақалпоғистонда 2024 йилда 71 нафар етим бола турар жой билан таъминланди. Жорий йилда яна 87 нафар болани уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган.

Жорий йилда 101 393 нафар фуқарони (22 131 оила) камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган. 36 400 дан ортиқ оила камбағаллик реестрига киритилиб, 32 902 та индивидуал режалар ишлаб чиқилди ва 172 733 та хизмат тури шакллантирилди.

Ёқилғи-энергия ресурслари нархларини босқичма-босқич бозор механизмига ўтказиш даврида эҳтиёжманд оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 17 788 оилага 2,4 млрд сўмлик компенсация, 74 026 оилага 19,9 млрд сўмлик бир марталик моддий ёрдам берилди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояси борасида олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳар бир инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик, инсон қадрини юксалтириш, жамиятда адолатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.

Манба: yuz.uz