Коучинг – бу шахснинг ички салоҳиятини юзага чиқариш, мақсадларини аниқлаш ва унга етиш учун ҳаракат стратегиясини ишлаб чиқишга ёрдам берувчи замонавий услубдир. Коуч (мураббий) мижоз билан якка тартибда ишлаб, уни тинглайди, зарур саволлар беради ва муаммоларга ечим топишда кўмаклашади. Айни пайтда психологик ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами учун бу хизмат жуда самарали бўлмоқда.
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан 2024 йил ноябридан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Инсон – инсонга кўмак” шиори остида коучинг тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бу шиорда оддий сўзлар билан ижодаланган бўлса-да, у чуқур маъно ва инсонпарварлик ғоясини ўзида мужассам этган.
Коучинг хизматларининг асосий мақсади – аҳоли ўртасида ижтимоий ҳимоя тизимидаги 105 дан ортиқ хизматлар ҳақида маълумот тарқатиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва фуқароларни янгича ёндашувлар билан таништиришдир. Ушбу хизматлар қаторига:
– болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш;
– санаторийларга йўлланмалар бериш;
– “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали молиявий кўмак;
– ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш каби йўналишлар киради.
Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида навбатдаги самарали тадбирлар ташкил этилди. Унинг назарий қисмида республиканинг барча вилоятларидан келган Ижро назорати ва мурожаатлар билан ишлаш шўъбалари ходимлари учун семинарлар ташкил этилди. Амалий қисмида эса фуқаролар билан бевосита мулоқот олиб борилди.
Долзарб мавзуларда тайёрланган видеороликлар намойиши “болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш”, “жамғармалардан молиявий ёрдамлар”, “реабилитация воситалари билан таъминлаш” каби хизматлар бўйича аниқ жавоб олиш имконини яратди.
Тадбир доирасида интерактив ўйинлар ва стимуляция жараёнлари ташкил этилди. Фуқаролар ижтимоий ходим ва мурожаатчи ролларида иштирок этиб, амалиётда билимларини мустаҳкамлашди. Бу усул фаолликни оширди ва ижтимоий жараёнларга қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, вилоятлардан келган ходимлар “Кейс менежмент нима?” мавзусида тренинг ўтказиб, ҳар бир фуқарога индивидуал ёндашув орқали ишлаш усулларини амалиётда кўрсатиб беришдан ташқари, мусиқа терапия ва бошқа машғулотлар ҳам ўтказишди.
Коучинг жараёнларида “Инсон” марказларида фаолият юритаётган психологлар фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан фуқаролар учун махсус тренинглар, амалий машғулот ва руҳий енгилликни таъминловчи машқлар ўтказиляпти. Бу жараён иштирокчиларга ҳуқуқий билим билан бирга, психологик барқарорликни ҳам таъминлашга ёрдам бермоқда. Қувонарлиси, ушбу ташаббус фуқароларда ижтимоий имкониятларга ишончни мустаҳкамлади ва хабардорликни оширди.
Коучинг тадбирлари доирасида бугунги кунда республика бўйлаб 40 дан ортиқ ҳудудда 10 000 нафардан зиёд фуқаро қамраб олингани – ушбу ташаббуснинг самарадорлигини яққол кўрсатмоқда.
Баъзан инсонни оғир кунлардан олиб ўтадиган энг катта куч – уни тинглайдиган, дардига шерик бўладиган инсоннинг борлигидир. Коучинг – айнан шундай инсонпарвар ёндашувни ҳаётга татбиқ этаётган самарали ижтимоий тизимдир.
Ушбу ташаббус нафақат ҳуқуқий хабардорликни оширади, балки фуқароларни руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, ишонч уйғотади ва уларни фаол фуқаролик позициясига илҳомлантиради. Бу эса Янги Ўзбекистонда ҳар бир инсон эътибор марказида эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Зулхумор ҲАМРОХЎЖАЕВА
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг
Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи.
Манба: “Mahalla” №54 (2278) 2025 йил 5 июль, шанба
Отправить комментарий
Отправить комментарий