Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан бутун мамлакат бўйлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ҳузурида фаолият юритаётган кўнгилли ёшлар – волонтёрлар томонидан ногиронлиги бўлган абитуриентларга қўллаб-қувватлов кўрсатилмоқда. Мазкур ташаббус юртимизда инклюзив таълим ва тенг имкониятларни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Волонтёрлар томонидан берилган ёрдам абитуриентларга нафaқat тест синовларига тайёргарлик кўришда, балки марказларга мустақил равишда мурожаат этиш имконини ҳам тақдим этмоқда. Бу эса оила аъзоларини ортиқча овора қилмасдан, абитуриентнинг ўзида мустақиллик ва ишонч ҳиссини шакллантирмоқда.
Тест синовларида иштирок этаётган абитуриентлардан бири – Нуралий Жанабаев бу ташаббусни шундай изоҳлайди: «Волонтёрларнинг ёрдами менга жуда катта ёрдам берди. Улар ёрдамида тест жараёнига тайёрланиш осонлашди ва оиламни ортиқча ташвишга қўймадим. Ногиронлиги бўлган абитуриентларга қаратилаётган бундай эътибор ва янги ташаббуслардан жуда хурсандмиз.»
Бу ташаббус, аввало, жамиятда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ижобий муносабатни мустаҳкамлаш, уларни ҳаётга кенгроқ жалб этиш ва тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади.
Кўнгиллилар эса ушбу жараёнда нафақат амалий ёрдам кўрсатмоқда, балки руҳий мадад, ишонч ва илҳом манбаи сифатида ҳам ҳаракат қилмоқда. Улар ўз фаолиятлари билан ёшлар ўртасида ижтимоий фаолликни ошириб, фидойилик ва ҳамдўстлик фазилатларини намоён этмоқда.
Агар сиз ҳам ушбу эзгу ишга қўшилишни хоҳласангиз ёки волонтёрлик фаолияти ҳақида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, ўзингизга яқин «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Манба: KKNEWS.uz – Қорақапоғистон матбуот агентлиги Расмий веб-сайти




Отправить комментарий
Отправить комментарий