Ижтимоий ҳимоя соҳасига кирибманки, ҳар куним одамлар ичида, уларнинг дарду ташвиши билан ўтади. Баъзи фуқароларнинг дори-дармонга эҳтиёжи бўлса, бошқалар ногирон фарзандлари учун махсус воситаларга муҳтож. Нафақа расмийлаштиришда қийналаётганлар ҳам топилади.

Одамлар мушкулини осон қилиш бу – шунчаки вазифа эмас, балки инсонийлик, юрак ишидир. Кўзёш тўкиб ўтирган онага юпанч бериш, тушкунликка тушиб қолган кекса отахоннинг кайфиятини кўтарадиган сўзни топиб айтиш ҳамда жамиятдан узилиб қолган кишиларга янги имконият эшикларини очишни ҳеч бир ўлчовга сиғдириб бўлмайди.

Кирган ҳар бир хонадоним, фуқароларнинг куюниб сўзлаган муаммолари доим хотирамга муҳрланади. Уларнинг ҳолидан қанча кўп хабар олсам, кўнглим шунча хотиржам бўлади.

Гулбаҳор Жанназарованинг мурожаатини ўрганиш мақсадида унинг уйига борганимда, у соғлиги ёмонлашиб, юролмай қолганини айтди. Аёл турмуш ўртоғи ишлаши, лекин қизи бекорлиги сабаб уйда ўтиришга мажбур бўлаётганини маълум қилди.

Аввало, фуқаронинг аҳволидан келиб чиқиб, унинг соғлигини тиклашга ёрдам берилди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали молиявий ёрдам кўрсатдик. Кейин фуқарога тиббий кўрик ва зарур ҳужжатлар асосида ногиронлик гуруҳи белгиланди ҳамда реабилитация техник воситаси билан таъминланди.

Оиланинг оғир ижтимоий ҳолатини инобатга олган ҳолда, улар “Камбағал оилалар реестри”га киритилди ва тегишли муассаса раҳбарлари томонидан ҳомийликка олинди. Бу жараёнда нафақат Гулбаҳор опа, балки унинг қизи – Наврўзбека Узоқбоева ҳам қўллаб-қувватланди. Унинг қизиқишини ва қобилиятидан келиб чиқиб, ишга жойлаштирилиши таъминланди ва шу орқали оилага қўшимча даромад манбаи яратилди.

Ҳозирги пайтда Гулбаҳор опанинг аҳволи барқарор, ўзини анча яхши ҳис қиляпти. Уларнинг миннатдор кайфияти менинг фаолиятимдаги энг катта мукофотлардан биридир.

Куним тез ўтади. Эрталабдан режа тузаман, қаерга боришим керак, ким билан учрашаман, қайси оилалардан мурожаат келиб тушган. Ҳар бир хонадон – ўзгача қисса. Лекин ҳаммасининг умумий бир нуқтаси бор – умид. Одамлар биз – ижтимоий ходимларга умид билан қарашади. Уларнинг ишончи мен учун катта масъулият.

Йўлда юриб, юраги оғриётган инсонлар билан суҳбатлашаман. Баъзилари дардини айтса, баъзилари жуда хомуш. Шу пайтда бир сўз, бир табассум, бир самимий муносабат қандай муҳим аҳамиятга эга эканини ҳис қиламан.

Ҳар кунимни бир синов, деб биламан. Чунки бу ишда енгиллик йўқ. Бир оиланинг тақдири сенинг қарорингга боғлиқ бўлиши мумкин. Шунга қарамай, мен бу касбни севаман. Одамларга нафим тегиши, уларга тинимсиз ёрдам қўлини узатиш туганмас завқ бағишлайди.

Алия ҚАРМАНБОЕВА,
Чимбой туманидаги “Гулистон” маҳалласи ижтимоий ходими.

Манба: “Mahalla” №59 (2283) 2025 йил 23 июль, чоршанба