Бугунги кунда сув танқислиги дунё бўйлаб долзарб муаммога айланмоқда. Ёғингарчиликнинг камайиши ва ҳароратнинг ошиши оқибатида тоза сувга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.

Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Тараққиёт Дастури, Япония ҳукумати, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамкорлигида «Жокасо» – оқова сувларни марказлаштирилмаган тозаловчи тизимлар жорий қилинди.

2025 йил март ойида Нукус туманидаги ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига «Жокасо» тизими ўрнатилган эди. Ҳар йили 3,5 мингга яқин беморга хизмат кўрсатадиган ушбу марказ энди ишончли тоза сув манбаига эга. Энг муҳими, тозаланган сувни қайта ишлатиш имконияти туфайли марказ ўз ҳудудида мева ва сабзавотлар етиштиришни йўлга қўйди.

Бу эса беморларни тўйимли овқат билан таъминлашга ва уларнинг саломатлигини тиклашга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, яшил ҳудудларнинг кенгайиши ва дарахтлар экилиши марказ атрофида янада ёрқин ва тинчлантирувчи муҳит яратди, бу эса беморларнинг руҳий саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Куни кеча мазкур марказда шаҳар ва туманлардаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари вакиллари иштирокида кўргазмали семинар ўтказилиб, тизимнинг ишлаш жараёни намойиш этилди. Бу эса Жокасо тизимларининг муваффақиятини кенгроқ миқёсда қўллаш ва уни бошқа жойларда ҳам жорий этишга йўл очади.

Инновация, экология ва инсон саломатлиги йўлида муҳим қадам!

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси