Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрда қабул қилинган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шакллари бўйича айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Нукус шаҳрида замонавий ва қулай шароитларга эга кичик ҳажмли болалар уйи фаолияти йўлга қўйилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила муҳитида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўналишдаги ишлар натижасида 2024–2025 йиллар давомида Тахиатош туманидаги болалар уйида тарбияланаётган 39 нафар боладан 29 нафари ота-онаси ёки яқин қариндошлари бағрига қайтарилди. Бу жараёнда манзилли ишлаш, оилалар билан психологик ва моддий кўмак кўрсатиш муҳим ўрин тутди.
Қолган 10 нафар бола эса оилавий муҳитга яқин шароит яратилган, ҳар бир боланинг шахсий ривожланиши ва тарбияси учун қулай имкониятларга эга бўлган Кичик ҳажмли болалар уйига жойлаштирилди. Бу ерда болалар нафақат таълим ва тарбия олади, балки турли тўгараклар, спорт машғулотлари ва маданий тадбирларда фаол иштирок этишади.
Мазкур ташаббус мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳаётини яхшилаш, уларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш ҳамда ҳар бир боланинг бахтли келажагини яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги келгусида ҳам болаларни оила муҳитига қайтариш ва улар учун муносиб шарт-шароит яратиш ишларини изчил давом эттиришни режалаштирмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
Манба: UZA.uz

Отправить комментарий
Отправить комментарий