Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган мини футбол бўйича “Бошқарма бошлиғи кубоги” мусобақасининг ғолиблари аниқланди.
Унда Қорақалпоғистон Республикасидаги ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият олиб бораётган 300 нафарга яқин ходим, бошқармага қарашли ташкилот вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Ўзаро кечган ўйинларда 26 та жамоа куч синашди. Ҳал қилувчи баҳслар Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида бўлиб ўтди. Томошабинлар қизғин кураш ва ҳалоллик руҳида ўтган учрашувлардан катта завқ олишди. Финал баҳсида Чимбой “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар интернат уйи жамоаси барча рақибларини ортда қолдириб, муносиб равишда Кубок соҳибига айланди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Даниёров барча иштирокчиларни самимий қутлаб, келгуси мусобақаларда ҳам уларга зафарлар тилади.
Дўстлик ва спорт байрамига айланган мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
Манба: UZA.uz


Отправить комментарий
Отправить комментарий