Халқ ичида бўлиш, одамлар билан дилдан суҳбатлашишнинг гашти ўзгача. Ҳар тонг улар билан учрашиш сари ошиқаман. Тўғри, тинглайдиганларим орасида оғир тақдирлар, синовли кечмишлар жуда кўп. Лекин уларни ижобий тарафга ўзгариши билан қийинчиликларим унут бўлади.
Туман марказидан 22 километр узоқда жойлашган маҳалламизда 4 390 нафар аҳоли истиқомат қилади. 1 155 та оиланинг 62 таси болалар нафақаси ва моддий ёрдам олиб келмоқда. 8 нафар ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшовчи кексаларга маиший хизмат кўрсатиш мақсадида ижтимоий ассистентлар бириктирилган.
Шунингдек, маҳалламизда 182 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро яшайди. Уларнинг эҳтиёж ва ҳолатларидан келиб чиқиб, тизимли равишда ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жорий йил бошидан буён 26 нафар шу тоифадаги шахс реабилитация қилишнинг техник воситалари ва 5 нафар фуқаро протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди.
Маҳалламиздаги 111 та хонадон вакиллари “Камбағал оилалар реестри”га киритилган. Улар учун алоҳида-алоҳида иш режаси тузиб чиқилиб, камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Айниқса, меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган ногиронлиги бор фуқаролар тадбиркорлик субъектларига ёки ўз ихтисослиги бўйича ишга жойлаштирилди. Бу орқали уларнинг ҳам жамият ҳаётида фаол иштирок этишига йўл очилмоқда.
Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда жамиятнинг энг нозик қатламига нисбатан инсоний эътибор ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш муҳим воситага айланмоқда.
Хусусан, маҳалламизда истиқомат қилувчи Ибодовлар оиласида ўтказилган сўровнома жараёнида уларнинг ишсиз эканини, агар шароит яратилса, уй олди ҳовлисида иссиқхона қуриш нияти борлиги маълум бўлди. Маҳалла ҳоким ёрдамчиси томонидан иссиқхона учун кредит ажратилиб, оила ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Шунингдек, реестрга киритилди ва турмуш ўртоғи фарзанд тарбияси билан шуғулланаётгани сабабли болалар нафақаси тайинланди. Газ ва электр энергияси учун компенсация олиш бўйича ариза қабул қилинди. Оила фарзанди учун эса болалар оромгоҳига бепул йўлланма ажратилди.
Бизнинг асосий мақсадимиз – эҳтиёжманд аҳолини ишли қилиш, даромадини ошириш, уларга манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳаёт сифатини яхшилашдан иборат.
Гулчеҳра НАУРИЗИМБЕТОВА,
Кегейли туманидаги “Жузимбоғ” маҳалласи ижтимоий ходими.
Манба: “Mahalla” №62 (2286) 2025 йил 2 август, шанба

Отправить комментарий
Отправить комментарий