Жамиятда эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасида мамлакатимизда изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган тадбирлар натижасида ижтимоий хизматлар қамрови ва турлари кенгайиб, хусусий сектор иштирокини фаоллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 171-сонли қарорига мувофиқ, Беруний туманида яна бир амалий қадам ташланди. Паxтакор маҳаласида “Асадали” МЧЖ томонидан кундузги парвариш хизмати ташкил этилди. Бу орқали ўзгалар парваришига муҳтож, вояга етган шахсларга хизмат кўрсатишдаги қамров ва имкониятлар кенгайди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Янги хизмат йўлга қўйилиши натижасида парваришга муҳтож фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш билан бирга, уларнинг оила аъзоларига ҳам меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имкониятини яратиш кўзда тутилган.
Лойиҳа ишга тушиши муносабати билан туман ҳокимининг ўринбосари Д.Каримов, мутасаддилар ҳамда маҳалла нуронийлари яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Ташриф давомида улар томонидан мазкур ташаббус юксак баҳоланиб, бундай эзгу ишларни амалга ошираётганларга самимий тилаклар билдирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Манба: KKNEWS.uz – Қорақапоғистон матбуот агентлиги Расмий веб-сайти



Отправить комментарий
Отправить комментарий