Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Оролбўйида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, барча маҳалла, овул ва шаҳарча фуқаролар йиғинларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда, ўқув юртларида байрам арафасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори асосида йўл бўйи, аҳоли дам олиш масканларида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, аҳолига муносиб шароит яратиш, автотранспортларнинг эркин ҳаракатланиши учун ички йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янгиланган Конституциямизда белгиланганидек, Ўзбекистон тобора инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари улуғланадиган ижтимоий давлатга айланиб бормоқда. Бандликни таъминлаш, замонавий иш ўринларини кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш, ёрдамга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари катта ижобий натижалар бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида Беруний туманида катта ёшдаги имконияти чекланган инсонлар учун кундузги парвариш хизмати хизмати йўлга қўйилди. Тумандаги “Пахтакор” маҳалласида “Асадали” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган кундузги парвариш хизматининг мақсади, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ижтимоий хизмат кўрсатиш қамрови ва турларини кенгайтириш, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш кўламини янада ошириш ҳамда ушбу жараёнда хусусий сектор иштирокини рағбатлантиришдан иборат.
Ушбу хизмат турининг ишга тушиши ўзгалар парваришига муҳтож, вояга етган шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат турлари ва қамровини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали учун янги бино қуриш ишлари бошланган эди. 2024-2025 йилларда қурилиш ишлари сифатли олиб борилди ва бугунги кунга келиб, замонавий, барча қулайликларга эга бино қад ростлади.
Таъкидлаш жоизки, умумий 300 ўринга мўлжалланган бинони қуриш учун 27 миллиард сўм маблағ ажратилиб, режадаги ишлар ўз вақтида амалга оширилди. Замонавий талаблар асосида барпо этилган янги объект мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори тиббиёт тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу асосда халқимиз саломатлигини яхшилаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида Нукус туманидаги “Деҳқон арна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида оилавий шифокорлик пункти янгидан қурилди.
Президентимизнинг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки" ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ажратилган 3 миллиард 40 миллион сўм маблағ асосида қурилган ушбу объект 50 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга. Янги бинода лаборатория, эмлаш, даволаш, автоклав хоналари фуқаролар учун хизмат қилади.
Қораўзак туманининг Бердақ овули фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Мазкур спорт иншооти Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан 2024 йилда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг пара стол тенниси бўйича ўтказилган Республика босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган ёш спортчи Нурсултон Аҳметов истиқомат қилаётган маҳаллада бунёд этилди. Спорт майдончасининг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда спортчи ёшлар сўзга чиқиб, юртимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталишди. Тадбир давомида спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, жамоавий машғулотлар ва кичик спорт мусобақалари ташкил этилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 488 та давлат, 1 минг 395 та нодавлат оилавий ва хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. 3-7 ёш оралигидаги 154 минг 544 нафар бола бўлиб, шундан 126 минг 726 нафари боғчаларда таълим-тарбия олмоқда. Қамраб олиш бугунги кунда 82 фоизни ташкил этади. Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида яна бир қанча боғчаларнинг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Жумладан, Элликқалъа туманидаги “Барҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида умумий қиймати 5 миллиард 755 миллион сўмни ташкил этувчи янги давлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Янги боғча замонавий талабларга тўла жавоб берадиган, болалар учун хавфсиз ва қулай муҳитда фаолият юритади.
Бугунги кунда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари орқали юртимиздаги қишлоқлар тобора обод бўлиб, таълим муассасалари янгиланмоқда. Натижада халқимиз муносиб таълим олиш ва фаровон ҳаёт кечириш имкониятига эга бўлмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири
Манба: UZA.uz





Отправить комментарий
Отправить комментарий