Мамлакатимизда кейинги пайтда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг барчаси инсонни эъзозлаш ва унинг манфаатларига эътибор қаратишга йўналтирилгандир. Инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахслар жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш давримизнинг муҳим мақсад-муддаоларига айланди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – ногиронлиги бўлган шахсларнинг Конституциямизда кўзда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳамда Ўзбекистонда қўшилган халқаро шартномаларга мувофиқ ҳолда, бошқа фуқаролар билан тенг равишда таъминлаш ҳисобланади.

Зеро, ногиронлиги бўлган инсонларнинг жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этишлари, уларнинг муносиб тарзда турмуш кечиришлари учун Ўзбекистоннинг Янги таҳрирдаги Конституциясига қатор янги моддалар киритилди. Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинди. Шундан кейинги даврда мамлакатимизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудлардаги бошқарма ҳамда марказлари ташкил қилинди.

Бизнинг Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли пунктлари, овуллар бир-бирларидан узоқда жойлашган. Шунга қарамасдан, биз барча туманларни айланамиз, барча бўлинмаларимиз эса жойлардаги ногиронлиги бўлган шахсларни қайта рўйхатга олади ва уларнинг ҳолатлари билан танишиб чиқади. Туманларга қилинган сафарлар ўзгача самара беради. Учрашувларда кимнинг нимага имконияти борлиги аниқланади, вазият баҳоланади. Бу жараёнда ногиронлиги бўлган шахсларнинг даволанишга, протез ортопедия маҳсулотларига ва ҳаракатланиш воситаларига бўлган эҳтиёжлари аниқланди. Кўпчиликнинг дам олиш уйлари ва санаторийларда ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш бўйича режалар ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда эҳтиёжмандларга кўмак беришнинг янгича усуллари жорий этилди. Биз илгари фақат талаб бўлган ҳолларда, яъни мурожаатлар келиб тушгандагина ҳаракатга тушиб қолар эдик, шунда имкон қадар моддий ёрдам ташкил этилар эди. Эндиликда мамлакатимизда ижтимоий хизматнинг қонуний асосдаги тартиблари ҳозирланди. Биз энди ҳудудий бўлимимиз аъзолари билан юзма-юз учрашиб, уларга маслаҳатлар беришга ҳаракат қиламиз. Бундай маслаҳатлар кўпчиликнинг турмуш тарзини ўзгартириб юбораётгани бизни ғоят мамнун этмоқда.

Кейинги пайтларда семинарлар, давра суҳбатлари, турли учрашувлар доирасини кенгайтирдик. Йилнинг бошидан буён Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимининг 2025 йилга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”, яъни йиллик режаси бўйича семинарлар ўтказдик. Биз амалга оширишни мўлжаллаган ишларимиздан Ўудудий бўлимимиз аъзоларини хабардор қилдик ва уларнинг истакларини тингладик.

Яна бир давра суҳбатига барча давлат ташкилотларини таклиф этдик. Улар билан “Олис ҳудудларда яшаётган ногиронлиги бўлган инсонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш” мавзуида давра суҳбати ўтказдик. Ростдан ҳам бизнинг ҳудудларда тоза ичимлик суви муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Бу учрашувимиз туфайли кўплаб ногиронлиги бўлган фуқароларнинг муҳим муаммолари ҳал этилди.

Айниқса, ТАТУнинг Нукус филиали талабалари даврасида “Ахборот технологияларидан фойдаланиш орқали ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус дастурлар яратиш” мавзуида ўтказилган давра суҳбати компьютер дастурчилари билан кўплаб ногиронлиги бўлган ҳамюртларимиз ўртасида яқиндан ижодий алоқа боҚлаш имконини яратди.

Мамлакатимизда инклюзив жамият яратиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-266-сонли қарори асосида муҳим амалий ишлар амалга оширилмоқда. ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ходимлари мана шу муҳим қарор асосида ногиронлиги бўлган инсонларга яратилаётган қулайликларни ҳаётга татбиқ этишга амалий кўмак бермоқдалар. Бунинг учун одамлар гавжум жойларда масъул ташкилотлар ходимлари билан биргаликда жамоатчилик назорати ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг бошидан буён Қўнғирот туманидаги Саноатқурилишбанкда, Нукус шаҳри Деҳқон бозорида, “Давлат хизматлар маркази”да, Автовокзалда, Хўжайли туманидаги Халқ банкида, Давлат солиқ инспекциясида ва Оилавий поликлиникада, Амударё туманидаги “Давлат хизматлар маркази”да, Халқ банки ва Агробанкда жамоатчилик назорати олиб борилди. Умуман йил бошидан буён 25 та ташкилот ва корхоналарда мониторинг ўтказдик. Аниқланган камчиликлар бўйича ташкилотларнинг раҳбарларига маслаҳатлар, тавсиялар берилди.

Ҳудудий бўлимимизнинг фаолият доираси жадал кенгайиб бормоқда. Муҳими бизга турли нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзо бўлиб, ижтимоий хизматларимиз такомиллаша бормоқда. Яқинда “Јизил яримой жамияти”нинг Тахиатош бўлинмасини аъзоликка қабул қилдик.

Биз яқин вақтларга қадар фақат бизга мурожаат этганлар билангина шуғулланар эдик. Эндиликда иш тартибимиз бутунлай ўзгарди. Ўозир барча ногиронлиги бўлган шахслар билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларга аъзо бўлган ногиронлиги бор бўлган инсонлар рўйхатга олинди. Биз улар билан бирга ҳамфикр ҳолда фаолият олиб борамиз. Ишлар шундай давом этганида барча шаҳар қишлоқларимизда, ҳатто олис овулларда ҳам қийинчилик домига тушган ва муҳтож инсонлар бўлмайди.

Жаббор НАРБАЕВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоқистон ҳудудий бўлими раиси.

Манба: “IMKONIYAT” №15 son (39) 2025 yil 9 avgust