2025-йил 18-октябрь куни Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига тўрт нафар вояга етмаган бола қайтарилди.

Мазкур инсонпарварлик тадбири Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида амалга оширилди.

Болалар Нукус халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул вакиллари томонидан кутиб олинди.

Аввало, улар тиббий кўрикдан ўтказилди, сўнгра ижтимоий-психологик мослашув учун барча зарур шароитлар яратилган оилавий болалар уйига жойлаштирилди.

Мазкур чора-тадбирлар болаларнинг барқарор ижтимоий мослашуви, хавфсиз ва меҳрли муҳитда улғайиши, шунингдек, уларни жамият ҳаётига тўлақонли қайта интеграция қилишга хизмат қилади.

Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг инсонпарвар сиёсати ва фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмаган жамият қуриш йўлидаги амалий қадамларидан биридир.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси