Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатимиз ижтимоий давлат экани алоҳида таъкидланган. Бу, энг аввало, ҳар бир фуқаронинг, жумладан, ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини англатади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими тубдан ислоҳ қилиниб, Президентимиз ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, ногиронлиги бўлган болалар учун барча соҳаларда, айниқса, таълим тизимида кенг имкониятлар яратилмоқда.

– Инклюзив таълим тизими ногиронлиги бўлган болаларнинг бошқа қатламлар орасида умумий таълим жараёнида иштирок этишини таъминлайди. Бу нафақат таълимдаги тенглик, балки уларнинг жамиятга мослашувини, келажакда эркин ҳаёт кечириш имкониятини ҳам кенгайтиради, – дейди Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош мутахассиси Гулсара Абибуллаева.

Республикамизда бу борада амалга оширилаётган ишлар натижасида, жами 118 та мактабда 208 та инклюзив синфлар ташкил этилган. Ушбу синфларда 261 нафар ногиронлиги бўлган бола ўз тенгдошлари билан бирга таълим олмоқда.

Болалар таълимга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳузуридаги Психологик-тиббий-педагогик комиссия (ПТПК) хулосаси асосида йўлланма орқали қабул қилинади. Комиссия боланинг руҳий, жисмоний ва интеллектуал ҳолатини ўрганиб, унинг имкониятларига мос таълим шаклини белгилайди.

Бола ҳаётидаги бундай ўзгаришни, яъни инклюзив таълимнинг ҳаётий аҳамиятини Нукус шаҳрида яшовчи 10 ёшли Сирожиддин Пурхонатдинов мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

У 2015 йилда туғилган. 7 ёшгача Нукус шаҳридаги «Имкон» реабилитация марказида кўп тармоқли мактабгача таълим ташкилотида тарбияланган. Сўнг, 7-8 ёшида узоқ вақт даволанганлиги сабабли мактабга бормаган.

2024-2025-ўқув йилидан бошлаб Психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосасига асосан Нукус шаҳридаги 51-сонли умумий таълим мактабининг 2-синфида инклюзив таълим асосида ўқишни бошлади.

Таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлишига қарамай, Сирожиддин ўз тенгдошлари билан бирга ўқишни, ўрганишни ва янги дўстлар орттиришни жуда яхши кўради. Унинг ўқитувчиларининг таъкидлашича, бола жуда фаол, ўқишга қизиқувчан ва жамиятга мослашяпти.

– Сирожиддин мактабга келгандан кейин ўзгарди. Илгари у тортинчоқ эди, ҳозир эса синфда энг фаол ўқувчи, шеър ёдлайди, расм чизади. Унинг кўзларида ишонч пайдо бўлган, – дейди унинг синф раҳбари.

Сирожиддиннинг ўзи эса Президент билан учрашиб, унга миннатдорчилигини билдиришни орзу қилади.

– Мен яхши ўқиб, катта одам бўламан. Президентга раҳмат айтаман, чунки у менга ўқиш имконини берган, – дейди у самимий жилмайиб.

Бундай болаларнинг орзуси, интилиши ва жамиятдаги фаоллиги инклюзив таълимнинг ҳақиқий натижасини кўрсатади.

Дарҳақиқат, инклюзив муҳит – ҳаммани бирлаштирадиган макон.

Инклюзив таълим бугун жамиятнинг маънавий тараққиётини акс эттиради. Ҳар бир бола қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, таълим олиш, дўст орттириш ва ўз қобилиятини намоён этиш ҳуқуқига эга.

Давлатимиз томонидан таълим муассасаларида алоҳида шароитлар яратилмоқда. Хусусан, пандуслар, махсус жиҳозлар, индивидуал ўқув режалари, логопед ва дефектологлар хизматлари йўлга қўйилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Инклюзив таълим – бу нафақат ногиронлиги бўлган болаларни мактабга жойлаштириш, балки жамиятнинг онгини ўзгартириш жараёнидир. Ҳар бир болага меҳр билан муносабатда бўлиш, унинг қобилиятига ишониш ва имконият яратиш – чинакам инсонпарварлик белгисидир.

Шундай ташаббуслар туфайли юзлаб болалар ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Улар жамиятнинг фаол аъзолари сифатида ўсиб бораётгани – бу мамлакатимиздаги ижтимоий ислоҳотларнинг энг катта ютуғидир.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Манба: KKNEWS.uz – Қорақапоғистон матбуот агентлиги Расмий веб-сайти