Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимининг асосий вазифаси – Фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида уюшма аъзолари ва давлат органлари ўртасида ижтимоий шерикликни йўлга қўйишга кўмаклашиш, ногиронлиги бўлган шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имконини берувчи шарт-шароитларни яратишдан иборат.

Ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ҳудудий бўлинмасининг “Инклюзив инфратузилма яратиш” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган грант ғолиби бўлди. Лойиҳанинг асосий мақсади, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш орқали аҳоли, айниқса кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун хавфсиз ҳамда қулай муҳит яратишдан иборат.

Лойиҳа доирасида Хўжайли тумани “Қирқинчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10 та кўчага 93 дона қуёш панелли кўча ёритиш чироғини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

– Бу ташаббус аҳолининг кундалик турмушини янада қулай қилиш, кечки ва тунги пайтларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда ҳаракатланишни енгиллаштиришдан иборат. Келгусида маҳалла аҳолиси кечқурун ҳам бемалол сайр қилиши, болалар ўйин майдончаларидан фойдаланиши ва оилалар тинч дам олиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, тунги ёритиш тизимининг ўрнатилиши натижасида жиноятчиликнинг олдини олиш, йўл-транспорт хавфсизлигини кучайтириш, Ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва аёллар учун янада хавфсиз муҳит яратиш имконияти юзага келади.

Ушбу лойиҳа нафақат маҳалла аҳолиси учун қулайлик яратади, балки шаҳар ҳудудининг замонавий гўзал қиёфасини шакллантириш, инклюзив инфратузилмани ривожлантириш ва фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ҳудудий бўлинмасининг раиси Жулдиз Ешимова.

Ҳудудий бўлинма томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус нафақат ногиронлиги бўлган шахслар учун, балки ҳар бир фуқаро учун муҳим аҳамият касб этади.

Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири

Манба: UzA.uz