Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021-йил 9-август куни қабул қилинган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт шароитини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу доирада Қонликўл туманида ҳам бир қатор етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар учун амалий ёрдамлар кўрсатилиб, уларнинг ҳаётида янги саҳифа очилмоқда.
Бугун ана шундай эзгу ташаббуслардан бири сифатида Исмоилова Умида Йўлдошбой қизига “Дўстлик” Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 2 хонали замонавий турар жой топширилди.
Тантанали топширув маросимида туман ҳокими, Инсон ижтимоий ҳимоя маркази ходимлари, сектор раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди. Улар Умидани янги маскани билан табриклаб, унга бахт, фаровонлик ва келажакдаги ишларига муваффақият тиладилар.
Умида Исмоилова эса ўзига билдирилган эътибор ва ишонч учун чексиз миннатдорлик билдириб, “Бу уй – ҳаётимдаги энг катта совға. Президентимиз ва барча мутасаддиларга самимий раҳмат айтаман. Мен бу ишончни албатта оқлайман,” – деди.
Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси



Отправить комментарий
Отправить комментарий