Амударё тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ташаббуси билан маҳалла фаоллари, фуқаролар йиғини раислари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда аҳолининг фаол вакиллари иштирокида “Инсон – инсонга ёрдамчи” мавзусида семинар-коучинг ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – аҳолининг ижтимоий ҳимоя тизимидаги ўзгаришлар ҳақида хабардорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий муаммоларни жойида, ҳамкорликда ҳал этишдан иборат бўлди.

Семинарда туман «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази бошлиғи Ғуломжон Дуйсенбаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий хизматларнинг замонавий механизмлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, ижтимоий ҳимояга оид амалий мисоллар асосида фикр алмашдилар. Бундай очиқ мулоқотлар аҳоли ва тизим ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, инсонпарварлик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси