Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш йўлида Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, айниқса, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майдаги ПҚ-175-сон “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилишини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини самарали таъминлаш доирасида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий маркази томонидан навбатдаги амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг психолог-мутахассислари иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчиларга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича йўриқноманинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган ёндашувлар ва амалиётдаги қўлланилиш тартиби атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, вазиятни баҳолаш, жабрланувчига тўғри ёрдам кўрсатиш усуллари ва самарали мулоқот олиб бориш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – тизимдаги психолог ва ижтимоий ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш орқали жабрланувчи шахсларга кўрсатиладиган реабилитация хизматларининг сифатини янада яхшилашдан иборатдир.
Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси




Отправить комментарий
Отправить комментарий