Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими тубдан ўзгарди. Бундай янгиланишларнинг муҳим жиҳати у юртимизнинг барча маҳалласига, хонадонларга кириб борди. Бугун ушбу тизимдан одамлар рози бўлаётгани сири ҳам шунда. Илгари одамлар дардини кимга айтишни билмас, муаммолар эса йиғилиб, катталашиб бораверади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгач, соҳа тубдан яхшиланди. Энди маҳаллалардаги ижтимоий ходим уймауй юриб, кимга қандай кўмак кераклигини аниқлаб, тизим рўйхатига киритмоқда. Шу орқали ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимизга манзилли ёрдам бериляпти. Хусусан, Манғит шаҳрининг Навоий маҳалласида яшовчи Асия Матчонова ва Одил Саидов яккаёлғиз яшайди. Уларга “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ассистенти Роза Қурбонниёзова белгиланган жадвал асосида ижтимоий хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, Хоразм кўчасида яшайдиган Очилбой Холбоевнинг паспорт олишига ёрдам берилди. Бундан ташқари, тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга I гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланди. Шунингдек, электр энергияси, табиий газ тўловлари учун бериладиган компенсацияга аризаси рўйхатга олинди. Яккаёлғизлар рўйхатига киритилди ва ижара уй, кийимкечак ҳамда кўзи ожизлар ҳассаси билан таъминланди.
Навоий маҳалласида ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшовчи 6 киши бор. Шунингдек, ногиронлиги бўлган 157 шахс хатловдан ўтказилган. Тоифасидан келиб чиқиб, индивидуал ёндашув асосида уларнинг эҳтиёжи аниқланган. Ўтган даврда ушбу фуқароларга тонометр, юриш мосламаси, оддий ва тирсакли қўлтиқтаёқ, кўзи ожизлар ҳассаси, корсет матодан тайёрланган маҳсулотлар етказиб берилган. Шунингдек, ногиронлиги бор 3 фуқаронинг имкониятидан келиб чиқиб, бандлиги таъминланган.
Бундай хизматлар сифати ва самарадорлигини муттасил ошириб бориш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси доимий изланиш ва ўрганишлар олиб бормоқда. Бу мақсадни тўла амалга ошириш учун ҳудуддаги 452 та маҳаллада Роза Қурбонниёзова сингари 448 ижтимоий ходим фаолият юритмоқда. Улар аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқот қилиб, мурожаат ва муаммоларни маҳаллада ҳал этишга ҳаракат қиляпти.
— Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда ўтказилган сўровнома асосида 58 та оила камбағаллик реестрига киритилди. Ушбу оилаларнинг шароити ўрганилиб, белгиланган индивидуал режалар 95 фоиз бажарилди. Уларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан зарур озиқовқат маҳсулотлари етказилди, — дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг Навоий маҳалласидаги комплекс хизмат кўрсатувчи ходими Адолат Хўжамуродова. — Шунингдек, мактабларда ташкил этилган тўгаракларга ҳам камбағал оилалар фарзандлари жалб қилиниб, мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит яратилмоқда. Айнан шундай оила фарзандларидан 15 нафари Тўрткўл ва Элликқалъа туманидаги дам олиш оромгоҳларига юборилди.
Ота-онаси хорижга кетган, шунингдек, ташқи меҳнат муҳожирлигидаги вояга етмаган болаларга ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Хусусан, ҳудуддаги умумтаълим мактаблари масъуллари билан ҳамкорликда бу борада муайян ишлар бажариляпти. Натижада 8 бола васийлик ва ҳомийлик тарбиясига олинди.Навоий маҳалласининг Бердақ кўчасида истиқомат қилувчи Мунаввар Жумамуратованинг ўғли ва қизи ишлаш учун хорижга кетган. Шу туфайли онахоннинг 4 невараси васийликка олинмагани аниқланди. Онахонга невараларини васийликка олишда кўмаклашилди. Шунингдек, болаларга бериладиган нафақа тайинланди.
— Ҳаёт гўзал, унинг ҳар дақиқасидан унумли фойдаланиб, кўнгилдагидай фаровон ва осойишта яшашга ҳар бир инсон ҳақли. Вазифамиз инсонларнинг ана шу гўзал ҳаётдан завқшавқ олиб, фаровон яшаши, орзулари рўёби учун мамлакатимизда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишига кўмаклашишдир. Зеро, “Ҳамма нарса инсон учун, унинг ҳаётдан рози яшашини таъминлаш учун!” деган халқпарвар тамойилни амалга ошириш — биз, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари зиммасидаги масъулиятдир, — дейди Адолат Хўжамуродова.
Манғит шаҳрида Бойовул маҳалласидаги 605 та хонадонда 4117 киши яшайди. “Маҳалла еттилиги” уймауй юриб, хатлов ўтказди. Натижада кам таъминланган 312 оила ижтимоий ҳимояга муҳтожлар рўйхатига киритилди. Уларнинг турмуш шароити, иқтисодий ҳолати ўрганилди. Оилаларга режали жадвал асосида зарур ижтимоий хизмат кўрсатиш чораси кўрилди.
— Бойовул маҳалласидаги хатлов жараёнида оғир аҳволга тушиб қолган ва шундай ҳолатга тушиш эҳтимоли юқори бўлган 16 та оила кейс менежмент асосида баҳоланди. Уларнинг барчасига белгиланган режали жадвал асосида ижтимоий хизмат кўрсатилди. Зарур ёрдам бериш орқали ижтимоийлашувига кўмаклашдик, — дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими Ирода Султонова. — Маҳаллада “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Хусусан, уймауй кириб ўрганишлар ва “Камбағаллик реестри” сўровномасини ўтказиш натижасида камбағалликка тушиб қолиш эҳтимоли бўлган 151 оила аниқланди. Шундан 74 таси камбағаллик реестрига киритилди. Уларга индивидуал хизмат кўрсатиш ишлари режа асосида бажариляпти. Шунингдек, саломатлиги ва яшаш шароитини яхшилаш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларга ваучер асосида хонага мўлжалланган ўриндиқли аравачалар, ҳасса, қўлтиқтаёқ, сайр учун мўлжалланган аравача, рақамли эшитиш мосламалари каби зарур ускуналар олиб берилди.
Ҳозир Қорақалпоғистонда ногиронлиги бўлган 69 минг 369 шахс яшайди. Шундан 10 минг 810 нафари болалар. Улар учун реабилитация, таълим ва тиббий хизматлар тизимли равишда кўрсатилмоқда.
Янги Ўзбекистонда ижтимоий хизматнинг янгича шакл ва мазмунда ташкил этилиши одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда. Чунки янги тизим сабаб ижтимоий ҳимоя маҳалла даражасига туширилди. Энди ижтимоий хизматлар сифати тобора ошиб бормоқда. Бу кўплаб оилаларга нур, фаровонлик ва хотиржамлик олиб кирди. Катта умид билан маҳалла остонасига қадам қўйганларнинг оғири енгил, мушкули осон бўлмоқда. Шу орқали улар ҳаётдан рози бўлиб, завқ билан яшамоқда. Келажакка ишончи мустаҳкамланиб боряпти. Зеро, ишонч туйғуси жамики эзгу ишларга қанотдир.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” № 205 (1531), 2025 йил 7 октябрь, сешанба


Отправить комментарий
Отправить комментарий