Бугун Нукус давлат техника университетида жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда ногиронлиги бўлган талаба-ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган "Коррупцияга қарши курашиш йўлида" мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирни университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Д.Курбаниязов очиб берди ва бошқариб борди. Ўз сўзида проректор коррупциянинг жамият ривожига салбий таъсири, унга қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг, хусусан, ёшларнинг масъулияти муҳимлигини таъкидлади.

Семинар-тренинг давомида Ўзбекистон Ҳакамлар судлари ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси филиали раиси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, лойиҳа раҳбари Р.Айбергенов, юридик фанлар номзоди, Қорақалпоғистон давлат университети доценти Ш.Шамшетов, шунингдек, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи Ж.Нарбаев ва ҳудудий бўлим бошлиғи ўринбосари Ж.Ганиев сўзга чиқди.

Маърузачилар томонидан коррупциянинг ҳуқуқий оқибатлари, унинг олдини олиш механизмлари, очиқлик ва ҳалоллик тамойилларининг аҳамияти, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг бу борадаги ўрни бўйича батафсил тушунчалар берилди. Тадбир давомида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, савол-жавоблар орқали мавзу юзасидан фикр алмашилди.

Манба: Нукус давлат техника
университети матбуот хизмати