Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида халқимиз, жумладан, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган инсонларга амалий ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги олиб борилаётган давлат сиёсати 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида Ўзбекистон ижтимоий давлат деб аталиши бунинг яққол далили бўлади.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 69 минг 847 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 10 минг 730 нафари болалар ташкил этади. Давлатимиз томонидан ушбу тоифадаги шахсларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни спортга жалб этиш, улар учун муносиб шароитлар яратиш ва бандлигини таъминлаш борасида бир қанча амалий ишлар олиб борилди.

Хусусан, 1 минг 317 нафар фуқаро реабилитация марказида саломатлиги тикланишига эришилди. 7 минг 706 нафар шахс протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан бепул таъминланди. Бу ишлар учун давлат бюджетидан 10,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

6 минг 163 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлиги таъминланди. 1 минг 903 нафар алоҳида таълимга муҳтож бўлган бола психологик-тиббий-педагогик комиссияси текширувидан ўтказилди.

Республикадаги ногиронлиги бўлган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 8 минг 385 нафар бола таълим муассасаларига қамраб олинди. Шу билан бирга, умумтаълим мактабларида 208 та инклюзив синф ташкил этилиб, улардаги 261 нафар бола учун 6 та коррекцион синфлар ташкил этилиб, 52 нафар ногиронлиги бўлган бола таълим олмоқда. Шунингдек, 23 та мактабгача таълим ташкилотида 60 та инклюзив гуруҳ ташкил этилиб, уларда 122 нафар бола тарбияланмоқда.

Президент қарори асосида ногиронлиги бўлган болаларни жамиятга жалб қилиш ҳамда саломатлигини тиклаш мақсадида 41 та жойда “Кундузги парвариш хизмати” ташкил этилди.

Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу хизматдан ихтисослаштирилган мактаб интернатлари ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда инклюзив синфларда таълим олаётган 44 нафар ногиронлиги бўлган бола фойдаланиб келмоқда.

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг турлари ва қамровини кенгайтириш орқали оилаларнинг ишлаш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш мақсадида “Фаол ҳаётга қадам” дастури асосида кундузги парваришлаш хизмати йўлга қўйилган бўлиб, бу хизматлар орқали 1 минг 807 нафар фуқаро қамраб олинди.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 1 минг 411 нафар ёлғиз ва ёлғиз яшовчи ҳамда ногиронлиги бўлган шахсга 180 нафар ижтимоий ассистент мутахассис бириктирилиб, уларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиб келинмоқда. 3 минг 12 нафар вояга етган ва ногиронлиги бўлган фуқарога санаторийларга йўлланма берилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни адаптив спортга қамраб олиш мақсадида 25 та спорт марказида 15 та пара спорт туридан тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларда 600 нафардан ортиқ параспортчи шуғулланиб келмоқда. Жорий йил давомида қорақалпоғистонлик пара спортчилар томонидан жаҳон чемпионатлари ва халқаро турнирларда 55 та олтин, 54 та кумуш, 55 та бронза, жами 164 та медаль қўлга киритилди.

Тадбир доирасида сана муносабати билан ногиронлиги бўлган шахсларга совғалар топширилди.

Санъаткорлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамкорлигидаги инклюзив концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари

Манба: UzA.uz