Маълумки, Ўзбекистон 2021 йилда БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”сини ратификация қилган. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш, шу жумладан, “Тўсиқсиз муҳит” тамойилини жорий қилиш орқали бу соҳада амал қилаётган тизимни такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Нукус шаҳри жамоат транспортининг ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлиги юзасидан Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Ижтимоий Инспекция ва Транспорт назорати инспекцияси билан ҳамкорликда жамоатчилик назорати тадбири ўтказилди.
Назорат тадбири давомида жамоат транспорти, жумладан, автобусларда пандуслар ва мосламалар мавжудлиги, автобусларда аравачада ҳаракатланувчи шахслар учун пандусларнинг соддалиги, ичкарида махсус жойлар ажратилганлиги, салонда ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган ўриндиқлар ва уларнинг белгиланиши кўриб чиқилди.
Шунингдек, жамоат транспортида яратилган ахборот муҳити яъни эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган йўловчилар учун бекатларни эълон қилиш тизими ва маълумот таблоларининг фаолияти кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат жойларида мустақил ҳаракатланишини осонлаштирадиган замонавий технологиялар, жумладан, мавжуд овозли огоҳлантириш ва тактик ахборотга эга электрон ахборот тизимларидан қай даражада фойдаланилаётганлиги ўрганилди.
Ҳайдовчиларнинг имконияти чекланган йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ҳам жамоат назорати олиб борувчиларнинг диққат-эътиборида бўлди. Чунончи, ҳайдовчиларнинг ногиронлиги бўлган шахсларга ҳурмат билан муомалада бўлиши, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёрдам бериши ва малакали хизмат кўрсатиши, жумладан, транспорт воситаларига чиқиш-тушиш пайтида, шунингдек, махсус кўмак талаб қилинадиган ҳолатларда ногиронлиги бўлган шахсларни камситмаслик сингари имкониятлардан қай даражада фойдаланилаётганига эътибор қаратилди.
Ушбу тадбирдан кутиладиган мақсад – шаҳар транспортларидан фойдаланишда барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш ва «Тўсиқсиз муҳит» тамойилларини ҳаётга янада яхшироқ татбиқ этишдир.
Малика ФАЙЗУЛЛАЕВА.
Манба: “IMKONIYAT” №8 son (56) 2026 yil 28 aprel

Отправить комментарий
Отправить комментарий