Элликқалъа тумани ҳокимлиги томонидан саховат ва кўмак тадбирлари давом қилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд бир неча юзлаб оилаларга бир бошдан қорамол ҳадя қилиш орқали уларга саховат кўрсатилмоқда.

Бугун ана шундай меҳр-саховат тадбири доирасида туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Сейдамат Авезов "Қирққиз" овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бахтияр Саломов хонадонига ташриф буюрдилар ва оила аъзоларига бир бош қорамол ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширдилар. Турмуш шароитини яхшилаб олиши учун камбағал ҳамда ногиронлиги бор оила инсонпарварлик ёрдамидан баҳраманд бўлди.

– Йиқилганни суяш, эҳтиёжмандларга мурувват кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат, – дейди Бахтиёр Саломов. – Кўрсатилган бу ёрдамдан кўнглим тоғдек кўтарилди. Оилавий шароитимиз инобатга олиниб, бизга бир бош соғин сигир берилганидан хурсандман. Энди рўзғоримиз бут, дастурхонимиз обод бўладиган бўлди.

Сигири бор уйда барака бўлади, унинг сути, ёғи, қатиғи оилага зарур. Рўзғордан ортгани сотилса, оила бюджетига фойда. Оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сигир олган ҳар бир хонадон уй бекасига меҳнат дафтарчаси очилади. Яъни уларга иш стажи юритилади. Шу билан бирга, хонадонларга тадбиркорлар бириктирилиб, чорва озуқаси таъминланади, сут маҳсулотларини сотишга кўмаклашилади. Бундай хайрли саховат тадбирлари Элликқалъа туманида давом эттирилади.

Манба: Элликқалъа тумани хокимлиги ахборот хизмати.