– Мен ишда ишлайман юрагимдан операция бўлган яъний клапан қўйилган 14 йилдан бери ишлайман. Ҳозирги кунда аҳволим (кори) докторлар ногиронлик гуруҳига чиқаришмокчи. II гуруҳ ногирони ишдан бўшамай ишни давом қилдирса бўламиди ёки ишдан бўшатиб юбориладими?

– 15 январ 2021 йилда кучга кирган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланади.

Қонуннинг 42-моддасига кўра ногиронлиги бўлган шахс одатдаги меҳнат шароитларига эга ташкилотларда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланувчи ихтисослаштирилган корхоналарда, цехларда ва участкаларда ишлашга, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган якка тартибдаги меҳнат фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Ушбу норманинг иккинчи қисмида меҳнат муносабатларининг барча шаклларига нисбатан, шу жумладан ишга қабул қилиш шартларига, ишга ёллашга, меҳнат фаолиятини амалга оширишга, ишни сақлаб қолишга, хизматда (ишда) лавозим бўйича кўтарилишга, шунингдек хавфсиз меҳнат шароитлари таъминланишига нисбатан ногиронлик белгисига кўра камситиш тақиқланиши белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодекси 220-моддасига биноан:

– I ва II гуруҳ ногиронларига меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

– I ва II гуруҳ ногиронларига ўттиз календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади.

Лекин ,ногиронлиги бўлган ходим меҳнат қилаётган ходимнинг лавозими унинг соғлигига тўғри келмаса ёки меҳнат мажбуриятини бажаришга ходимнинг ногиронлиги йўл қўймаса, Меҳнат кодексининг 92-моддасига кўра, иш берувчи унга корхонадаги мос келадиган ишни таклиф қилиши шарт эканлиги белгилаб қуйилган.

Агар ушбу ходим бу лавозимда ишлашни рад этса, иш берувчи МК 100-моддаси иккинчи қисми 2-банди билан яъни соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Саволга Амангул АЛДАМУРАТОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.