Темир йўл транспорти аҳолининг кундалик ҳаётида, ҳудудлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Шу жумладан, Нукус темир йўл вокзалида йўловчиларга, яъни ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган хизматлар ва улар учун хавфсиз ва қулай шароитларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ишчи гуруҳ аъзолари билан ҳамкорлигида навбатдаги жамоатчилик назорати тадбири ўтказилди.

Жамоатчилик назорати иштирокчилари вокзал ҳудудидаги мавжуд шарт-шароитларни бирма-бир кўздан кечиришган ҳолда: вокзал биносига кириш имкониятлари, пандуслар, эшиклар ва остоналарнинг қулайлиги; бино ичида ҳаракатланиш йўлаклари, ахборот белгилари ва навигация ҳолати; мослаштирилган ҳожатхоналарнинг мавжудлиги ва ҳолати; лифтлар ва бошқа мосламаларнинг ҳолати; платформага чиқиш, поездга миниш ва поезддан тушиш имкониятлари; кутиш заллари ва хизмат кўрсатиш жойларидан фойдаланиш имкониятлари; вокзал ходимларининг ногиронлиги бўлган йўловчиларга ёрдам кўрсатиш тартиблари бўйича таҳлил олиб бордилар.

Ўрганиш жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари поезд кутаётган йўловчилар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар, вокзал биносида мустақил ва эркин ҳаракатланиш имкониятлари ҳамда поездга мустақил ва хавфсиз чиқиш ва тушиш учун махсус кўтариш мосламаси (пандус) йўқлиги, вокзалнинг иккинчи қаватига чиқиш учун лифт мавжуд эмаслигини аниқлади.

Аниқланган ташкилий камчиликлар юзасидан вокзал маъмуриятига тегишли таклиф ва тавсияларни бериш, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ногиронлиги бўлган йўловчилар учун лифт, махсус кўтарма мосламалар ҳамда бошқа зарур қулайликларни яратиш, транспорт инфратузилмасини ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига мослаштириш ва уларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш кераклигини яна боргача таъкидлади.

Жамоатчилик назорати тадбирлари нафақат камчиликларни аниқлаш, балки уларни ўз вақтида бартараф этишда тўсиқсиз муҳит – тенг имкониятлар ва инклюзив жамият асосида давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Саламат Авезов,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.