«Узбекистон ногиронлар ассоциацияси» Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимининг «Иродали ва чевар қизлар» лойиҳаси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди гранти ғолиби бўлди.

– Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринлари яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди "Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси" Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбарм Жаббар Нарбоев. – Лойиҳадан кўзланган мақсад, боқувчиси бўлмаган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уй хўжалигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга қўмаклашишдир.

Жаббар Нарбоевнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистон Республикасида 26 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар рўйхатга олинган. Шундан Қўнғирот туманида 1505 ногиронлиги бўлган хотин-қизлардан 361 нафари ишлаши мумкин. Бундан ташқари туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг 2338 нафари "Аёллар дафтари", 400 нафари "Темир дафтар" ва 96 нафари "Ёшлар дафтари" рўйхатига олинган. Бу хотин-қизларнинг аксарияти ишсиз ва ижтммомй ёрдамга муҳтож.

Бугунги кунда чекка туман ва қишлоқларда яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш долзарб масала ҳисобланади. Уларнинг аксарияти уйда бўлгани боис, руҳий ўзгаришлар кузатилади. Йўл ва транспорт харажатлари муаммоси борлиги туфайли, шаҳарга бориб касб ўрганиши қийин масала. Туман марказларида касбга ўргатиш бўйича курслар кам, ёки улар ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш учун мослашмаган.

Мазкур лойиҳа тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун касбий ўқув курсларни ташкил қилиш, уларда фаол ҳаётий позицияни шакллантириш ва жамиятнинг иқтисодий фаол қатлами сафига қўшилишига эришишига хизмат қилади.

Шушнгдек, улар учун замонавий ҳамда миллий кийимлар, пардалар тикиш курслари ташкил этиш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, субсидия ва кредит олишда ҳуқуқий маслаҳат ҳамда амалий ёрдам бериш мақсад қилинган. Бу ишларга туман ҳокимлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ҳудуддаги ННТлар, туманда фаолиятолиб бораётган тадбиркорлар жалб қилинади.

Сентябрь ойида 8 ойлик тикувчилик курси ўз ишини бошлаган бўлиб, яқин кунларда миллий кийим ва замонавий парда тикиш бўйича курслар фаолият бошлайдм. Шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун бериладиган субсидия ҳамда имтиёзли кредитлар масаласи бўйича семинар-тренинглар ташкил этилади. Тикувчилик курсини битирган хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида туман ҳокимлиги билан музокаралар олиб борилмоқда.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

Манба: Qoraqalpog'iston Tongi 2022-yil 8-oktyabr №39 (1516)