– II гуруҳ ногирон фарзандим бор, ёшим 46 да муддатдан олдин нафақага чиқишим мумкинми? Қандай имтиёзлардан фойдалансам бўлади масалан комунал тўловларми ёки маҳалладан моддий ёрдам бериладими?

– 46 ёшда пенсияга чиқа олмайсиз. Камида 50 ёшга тўлишингиз керак.

Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун 12-моддаси з бандига кўра болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса – иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда.

Башарти, аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олинади. 

Айнан шу қоида сизга 50 ёшда пенсияга чиқиш имконини беради. Чунки ушбу қонуннинг 7-моддасига кўра аёлларга пенсия ёши 55 ёш этиб белгиланган.

Моддий ёрдам масаласига келсак. Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 21-октабрдаги 654-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра оила:

2022 йилдан бошлаб – оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилади.

Юқоридаги қоиданинг мазмунига кўра оилангизнинг даромади ҳозир ҳар бир оила аъзосига ҳисоблаганда 498 минг сўмдан кам бўлса, унда сиз кам таъминланган деб топилишингиз мумкин.

Шунда сиз болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олишингиз мумкин.

Мазкур низомнинг 20-бандига кўра:

– ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад юқорида белгиланган мезондан ошганда;

– расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган;

– ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган;

– ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлганда оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади.

Бунинг учун сиз МФЙга ариза билан мурожаат қилишингиз керак.

Манба: АДВОКАТ 24

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.