Мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга жисмонан соғлом инсонлар билан бир хил, тенг шароитлар яратиш мақсадида, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз қобилиятларини тўлиқ намоён этишлари, ижтимоий фаолликларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир.

Айни пайтда, мутахассисларнинг тиббий хулосаларига кўра, дунё аҳолисининг 1 миллиард нафардан ортиғида, яъни ҳар етти кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик мавжуд. Барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини эса болалар ташкил этади.

Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ тадбирлар нафақат 3 декабр – Халқаро Ногиронлар кунида, балки доимий равишда ўтказилиб келинади. Бундан кўзланган асосий мақсад, бу каби дастурий тадбирларда ногиронлиги бўлган шахслар соғлом кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, уларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, уларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-тамойилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона жамият қуришдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар жамияти Амударё туман бўлинмаси томонидан ҳар йили 3 декабр – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан байрамона тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиши ҳам имконияти чекланганларнинг соғлом инсонлар билан тенг шароитлар асосида ўз қобилиятларини амалда намоён этишларига қаратилган хайрли ишларнинг самарасидир.

Жамиятнинг Амударё туман бўлинмаси раиси Нилуфар Холбоеванинг шахсий ташаббуси ва ҳомий ташкилотлар раҳнамолигида жорий йилнинг 29 ноябр санасида Амударё муҳандислик техникуми биносида “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!” шиори остида бўлиб ўтган спорт мусобақалари ҳам ногиронларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилгани билан кўнгилларга жўшқинлик бағишлади.

Амударё туман ҳокимлиги, ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими “Инсон” ижтимоий ҳимоя маркази, Ўзбекистон халқ демократик партияси туман Кенгаши, туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби, Маданият бўлими ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси ҳамкорлигида 17-30 ёш оралиғидаги имконияти чекланган ёшлар ўртасидаги спортнинг шахмат-шашка тури бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.

Ногиронлиги бўлган ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг ўз иқтидорларини амалда намоён этишларига кўмаклашиш мақсадида ташкиллаштирилган мазкур мусобақасида ҳомий ташкилотлар масъуллари спортчиларга ўзларининг байрам табрикларини йўлладилар.

Шунингдек, тадбир якунида мусобақада фаол иштирок этганларга Ёшлар ишлари агентлиги Амударё туман бўлими томонидан фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди, ҳомийлар томонидан байрам дастурхони ёзилиб, барча иштирокчиларга совғалар берилди.

Файзли дастурхон атрофида, гоҳ соз, гоҳ суҳбат тарзида давом этган байрам тадбири барчага хуш кайфият бағишлади.

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

Манба: Аmudarya.uz