Халқимизда шундай эзгу тилак бор: «Та-нингиз сиҳат, умрингиз узоқ бўлсин!». Бу шунчаки манзират юзасидан айтиладиган гап эмас, балки ўзгаларга билдирилган чинакам олийжаноб ва самимий тилакдир. Чунки, сиз етти мучангиз соғ бўлса, саломатликдан шикоятингиз бўлмасагина бехатар яшайсиз, униб-ўсасиз.

Саломатликни қадрини, асосан дард чекаётган инсонлар яхши биладилар. Тақдир Ҳаётбекни оғир синовга дучор этди. Избоскан туманида зиёлилар оиласида 1986 йилнинг 26 мартида туғилган Ҳаётбек Нурматов болалигидан II гуруҳ ногирони, унга – БЦФ -болалар церебраль фалажи ташҳиси қўйилди. Балки, унинг исмини ҳам ота-оналари ҳаёт билан вобаста бўлсин деган тилак билан шундай қўйишган бўлса ажаб эмас.

Оиладаги олийжаноб муҳит, меҳрибон ота-оналарнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Ҳаётбек меҳр ва мурувват доирасида улғайди. У саломатлигидаги нуқсонларни ҳам унутиб, билим олди, дўстларининг эътиборида бўлди. У барибир, саломатликнинг ғоят ширин орзусини туйиб яшади ва имкон топилса шифокорлик борасида ўқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У 9-синфни тамомлаши билан Андижон тиббиёт коллежига ўқишга кирди.

Ўзгалар билан бир қаторда тенгларнинг тенги сифатида тиббий билим олаётгани Ҳаётбекни кўнглини тоғдек кўтарди, ҳар бир дарсни жон қулоғи билан тинглади, коллеж ҳаётида фаол бўлди. Муҳими, у билимдон ўқувчилар қаторида тилга олинадиган бўлди.

Коллежни тугаллаб Ҳаётбек 2014 йилда Андижон Давлат тиббиёт институтига ҳужжатларини топширди. У ўша йили ростдан ҳам талабалар қаторига қабул қилинди. Институтнинг бакалаврият босқичини тугаллаганидан сўнг магистратурада ҳам таҳсил олди. Ниҳоят, шифокорлик дипломи билан 28 ёшли йигит ўз фаолиятини Избоскан тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникадан бошлади.

Даволаш ишлари билан шуғулланар экан Ҳаётбек ўзи таълим олган институти билан алоқани узмади. Чунки, унинг кўнглида илм олишга бўлган иштиёқ ҳар доим тинчлик бермас эди. Талабалик йилларида устозлари талаби ва ёрдами билан газета-журналларга саломатлик сирлари тўғрисида мақолалар ёзиш малакасини эгаллаган Ҳаётбек бу анъанани кейинчалик ҳам давом эттира бошла-ди, таҳририятлар билан алоқани янада яхшилади.

Кўп вақт ўтмай Ҳ.Нурматовни Андижон Давлат тиббиёт институти раҳбарияти ишга таклиф қилишди. У Патологик анатомия ва суд тиббиёти кафедрасига мудирлик қила бошлади. 2016 йилда у Балиқчи тиббиёт коллежига катта ўқитувчи сифатида қабул қилинди ва тиббий педагог сифатида тажриба орттирди, айни пайтда ўз билимларини ҳам ошира борди.

2018 йилдан Ҳаётбек яна ўзи тугаллаган олийгоҳга қайтди. У ҳозирги кунгача Андижон Давлат тиббиёт институтининг Патологик анатомия ва суд тиббиёти кафедраси ўқитувчиси сифатида фаолият юритиб келмокда.

Бугунги куннинг талаби ғоят катта. Талабаларга ўқиладиган маърузалар йилдан-йилга ўзгача амалий аҳамият касб эта бориши лозим. Аксҳолда, интернет олами билан ошно бўлган талабалар олдида ҳарқандай маърузачи ҳам мот бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу боис, соҳаси бўйича янгиликларни қидирар экан Ҳаётбекнинг кўнглида янги топган кашфиётларини давом эттириб, илм билан шуғулланиш истаги туғилди.

Бугунги кунда институтда билимдон устоз сифатида танилиб, талабаларнинг ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлган Ҳаётбек ҳозир Тошкент тиббиёт академиясининг Суд тиббиёти ва тиббиёт ҳуқуқи кафедрасининг мустақил изланувчиси ҳисобланади. У "Ташқи омиллар таъсирига учраган суяк ва мушак тўқималарини суд тиббий экспертизасини ўзига хос жиҳатлари" мавзусида суд тиббиёти мутахассислиги бўйича фалсафа доктори. РhD даражасини олиш учун илмий тадқиқот ишларини олиб бормокда.

– Педагоглик фаолияти давомида ҳозирга қадар Ҳ.Нурматов 30 тадан ортиқ мақолалар, тезис ва ўқув-услубий қўлланмалар чоп эттирган, – дейди илмий раҳбар, Тошкент тиббиёт академиясининг Суд тиббиёти ва тиббиёт ҳуқуқи кафедрасини доценти, тиббиёт фанлари доктори Муҳаррама Ҳасанова.

– У интизомли, ишчан, ўз устида ишлайдиган мутахассис бўлганлиги сабабли илмий йўналишда магистрлар билан бирга иш олиб боради ҳамда жамоат ишларида ва турли кон-ференцияларда фаол иштирокэтади, ўзининг тиришқоклиги ва меҳнаткашлиги билан жамоа орасида обрў-эътибор қозонган.

Ҳаётбек оилали турмуш ўртоғи – Гулнозахон уй бекаси. Фарзандлари – Маликахон, Зебогул, Моҳларойим ва Иродахон исмли қизларини тарбияламокда.

Ҳар бир инсон орзулар қанотида яшагани яхши. Мана шу орзулар уни катта чўққиларни забт этишга ундайди. Ҳаётбек, орзулари сари интилар экан жисмоний қийинчиликларини унутди, меҳрибон устозлар маслаҳатларига амал қилди, тинимсиз ўқиди, изланди. Ана шу фазилатлари билан илм уфқларини очишга ҳаракат қилмокда, келажакка бўлган ишончни мустаҳкамламокда.

СаламатАВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон
Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.

Манба: “IMKONIYAT” №8 son 2024 yil 30 aprel