Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) Япония ҳукумати, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамкорлигида инновацион ечим – Jokaso тизими синовдан ўтказилмоқда.

2025 йил март ойида 96 минг АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилган ушбу тизим Қорақалпоғистондаги учта муассаса – реабилитация маркази, болалар боғчаси ва ихтисослаштирилган мактабда ўрнатилди. Бу марказлаштирилмаган оқова сувларни тозалаш тизимлари тиббиёт, таълим ва ижтимоий муассасалардаги шошилинч санитария эҳтиёжларини қондиришда муҳим рол ўйнайди.

Ушбу тизимнинг ўрнатилиши натижасида ҳар йили 3,5 минг нафарга яқин беморга хизмат кўрсатадиган Нукус туманидаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ишончли тоза сув манбаига эга бўлди. Энг муҳими, тозаланган сувни қайта ишлатиш имконияти туфайли марказ ҳудудида мева ва сабзавотлар етиштириш йўлга қўйилди. Бу эса беморларни тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ва уларнинг саломатлигини тиклашга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, яшил ҳудудларнинг кенгайиши ва турли дарахтларнинг экилиши даволаш муассасаси атрофида янада ёрқин ва тинчлантирувчи муҳит яратилиши беморларнинг руҳий саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Марказ директори Гулмирза Юлдашов таъкидлаганидек тоза сувдан ишончли фойдаланиш беморларни сифатли парвариш қилиш учун жуда муҳимдир. Jokaso тизими марказнинг иш шароитларини яхшилади ва муассасанинг ўзини ўзи таъминлаши учун янги имкониятдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан ушбу реабилитация қилиш ва протезлаш марказида шаҳар ва туманлардаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмалари вакиллари иштирокида кўргазмали семинар ўтказилиб, ўрнатилган қурилманинг ишлаш жараёнлари намойиш этилди. Бу эса тизимнинг муваффақиятини кенгроқ миқёсда қўллаш имкониятини беради.

Мазкур лойиҳа нафақат санитария ва аҳоли саломатлигини яхшилайди, балки сув танқис бўлган ҳудудлар учун муҳим бўлган қишлоқ хўжалигида сувдан қайта фойдаланиш учун янги имкониятлар очади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Манба: UzA.uz