Беруний тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази психологлар гуруҳи томонидан “Инклюзив таълимни ривожлантириш мақсадида таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашишни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги қўшма қарорнинг 19-банди ижроси юзасидан “Алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватлаш орқали ҳаётий муваффақиятларни таъминлаш”га қаратилган 5 кунлик тренинглар ўтказилиши белгиланди.

Мазкур тренинглар инклюзив таълимда ота-онанинг психологик ва педагогик ҳамкорлигини кучайтириш, фарзанд тарбиясида ижтимоий-эмоционал қўллаб-қувватлаш, ҳамда ота-она-бола-мактаб ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Тренинглар қуйидаги мавзулар доирасида ташкил этилди:

“Ҳар бир бола – бебаҳо. Инклюзив таълимга биринчи қадам”

“Мен ва фарзандим. Ота-онанинг инклюзив таълимдаги роли”

“Бирга уддалаймиз”

“Таълим муассасаси ва ота-оналар ҳамкорлиги”

“Бирга ривожланамиз: келажакка ижобий қадам, таълим жараёнида ота-онанинг иштироки”

“Бирга бахтлиман! Инклюзив таълим – тенг муносабатни таъминлайди”

Жараён давомида ота-оналарга эмпатия, боланинг шахсий эҳтиёжини ҳисобга олиш, коммуникатив кўникмаларни ривожлантириш, оилавий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари ва мотивацион ёндашув ҳақида тушунчалар берилди.

Тренинг якунида ота-оналар ўз фарзандлари учун таълим муассасаларида яратилаётган инклюзив шароит ва имкониятлардан мамнун эканликларини билдирдилар.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси