2025-йил 28-декабрь куни Мўйноқ туманида Янги йил байрами арафасида яна бир эзгу ва қувончли воқеа рўй берди. Барча замонавий шароитларга эга янги 2 хонали уй калити Сартай Даркеновга тантанали тарзда топширилди.

Ушбу қувончли лаҳзаларда Мўйноқ тумани ҳокими Б.Менглибеков, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ж.Юсупов, туман «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Бу эзгу ташаббус юртимизда инсон қадри энг олий неъмат эканининг, айниқса ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганининг яна бир ёрқин ифодасидир. Янги йил олдидан ҳадя этилган ушбу уй нафақат янги маскан, балки янги умидлар, янги орзулар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч рамзидир.

Байрамона кайфият, самимий табриклар ва эзгу тилакларга бой ушбу тадбир қалбларга илиқлик бахш этди. Юртимизда меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва инсонпарварлик қадриятлари тобора мустаҳкамланиб бораётгани ана шундай хайрли ишларда яққол намоён бўлмоқда.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси