Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Оролбўйида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишида бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, якунланаётган 2025 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 86 нафар ёш замонавий, барча қулайликларга эга уй-жой билан таъминланди. Бу эса ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг эркин ҳаётга қадам қўйиши ва келажак режаларини амалга оширишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Янги йил байрами арафасида бу каби тадбирлар жойларда давом этиб, ёшлар янги уй-жойлар билан таъминланди.

Янги йил  байрами арафасида Хўжайли туманида уч нафар ёшга янги уйларнинг калти тантанали равишда топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг ташаббуси билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса ёшларни уй-жойлар билан таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда янги уй эгалари бўлган ёшлар сўзга чиқиб, алоҳида эътибор ҳамда ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдиришди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари

Манба: UzA.uz