Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида 2026-йил 26-27-январь кунлари Нукус шаҳрида “Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш” мавзусида икки кунлик оффлайн малака ошириш ўқув дастури ташкил этилди.

Мазкур ўқув машғулотларида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш шўбаси мутахассислари иштирок этди.

Тренинг давомида иштирокчилар ногиронлик тушунчасининг замонавий моделлари, ногиронлиги бўлган шахслар билан самарали мулоқот қилиш усуллари, коммуникациядаги тўсиқларни бартараф этиш, ишончли муносабат ўрнатиш, эшитиш, кўриш, ҳаракатланиш ва нутқ бузилиши бўлган шахслар билан мулоқот қилиш усуллари билан танишдилар.

Шунингдек, оила билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш, «Суҳбат» фильмини таҳлил қилиш, “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида хизматларни ташкил этиш қадамлари, ВМҚ-587 қарорга киритилган ўзгартиришлар, ногиронлиги бўлган шахслар учун имтиёз ва хизматлар масалалари муҳокама қилинди.

Тингловчилар ЖССнинг ногиронликни баҳолаш шкаласи бўйича интервью ўтказиш тартиби, жумладан когнитив ва ҳаракатчанлик, кундалик фаолият ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, атрофдагилар билан мулоқот ва жамиятдаги иштирок доменлари бўйича амалий билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.

Ўқув якунида иштирокчилардан ўтилган мавзулар бўйича қайта алоқа олинди ҳамда амалиётга жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.

Мазкур ўқув дастури ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси